Бундан 3-4 йил аввал қишлоқ ҳудудида Wi-Fi интернет тармоғига уланиш ва ундан фойдаланиш ҳақида тасаввур қилиш қийин эди.
Бугунчи? Бугун қишлоқ жойларда ҳам кўплаб хонадон эгалари Wi-Fi тармоғига уланиб, ундан беминнат фойдаланиб келишмоқда. Тўғри, баъзи ҳудудларда алоқа сифати жуда зўр бўлмаслиги мумкин. Аммо ҳарқалай интернет тармоғига уланишнинг имконияти яратилди. Энг чекка ҳудудларга ҳам жаҳон ахборот тармоғи кириб бораяпти, инсонларнинг эҳтиёжи ва талабига мувофиқ ўзгаришлар бўляпти.
Келгусида бу йўналишдаги амалий натижалар янада кенгаяди. Боиси, шу йил янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда илк бор давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилди. Бу ҳақда мақола давомида батафсил тўхталамиз. Ҳозир эса юртимиз аҳолисини, ҳудудларни интернет тармоғи билан қамраб олиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталмоқчимиз.
Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда аҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари, жумладан, оптик толали алоқа ва юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар асосида жойларда амалий ишлар йўлга қўйилмоқда. Хусусан, республика бўйлаб оптик толали алоқа линиялари ётқизилиб, мобиль алоқа операторлари томонидан қўшимча база станциялари ўрнатилмоқда.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда республика бўйича мобиль алоқа қамрови даражаси 99 фоизга, кенг полосали мобиь интернет қамрови 98,5 фоизга, халқаро аҳамиятга эга автойўлларнинг мобиль интернет билан қамров даражаси 75 фоизга етказилган.
Аҳолининг интернетга уланиши қамровини ошириш, оптик толали алоқа линиялари қамровини кенгайтириш мақсадида жорий йил бошидан ҳозирги кунгача қўшимча 50 минг километр оптик толали алоқа линияларини қуриш орқали уларнинг умумий узунлиги 220 минг км.га етказилган. Республика бўйлаб аҳоли пунктларини оптик толали алоқа линиялари билан қамрови 88 фоизга етказилган. Йил якунига қадар аҳоли пунктларини интернет билан қамраб олишни 99 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Эътироф этиш керакки, аҳолига сифатли телекоммуникация хизматларининг тақдим этилиши, ҳудудларнинг интернет тармоғи билан қамраб олиниши фуқароларнинг давлат хизматларидан фаол фойдаланишлари, электрон тижоратни амалга оширишлари учун қулайлик яратади. Шу билан бирга, зарур бўлган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш сингари конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларнинг таъминланишига хизмат қилади.
Юқорида келтирилганидек, янгиланган Бош қомусимизнинг 33-моддасида ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга экани, шунингдек, давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш борасидаги норма Асосий қонунимизда илк маротаба ўрин олди. Бу бежиз эмас. Зеро, ахборот асрида глобал тармоққа бўлган эҳтиёжларимиз ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам ундан фойдаланишда зарур шарт-шароитларни яратиш долзарб аҳамиятга эга. Буни эса давлат ўз зиммасига олаётгани қувонарли ҳол.
Бугунги кунда вилоят ва туманларда янги аҳоли пунктлари, турар-жой мажмуалари бунёд этилмоқда. Бу каби янги турар-жой масканларини ҳам интернет билан таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада яқинда парламент қуйи палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланган нормалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Гап шундаки, лойиҳага кўра, энди аҳоли учун турар-жойлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий бўлиши белгиланмоқда. Бу эса шаҳарлар, шаҳарчалар ва бошқа аҳоли пунктлари, турар-жой мажмуалари, алоҳида бинолар ва иншоотларни лойиҳалаш ҳамда ривожлантириш пайтида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари белгиланган нормативларга мувофиқ телекоммуникация воситаларини жойлаштириш учун бинолар ёки алоҳида хоналар қуришни, ер ости алоқа линияларини қуриш учун жой ажратишни таъминлашлари зарурлигини англатади.
Бир сўз билан айтганда, юртимиз аҳолисининг интернетга уланиш каби конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар талай. Ушбу амалий чора-тадбирлар эса янгиланган Конституциямизда белгиланган нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилаётганидан далолат беради.
Муҳтарама Комилова, ЎзА