Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституцияга қўшимча ва ўзгартириш киритиш масалалари муҳокама этилди
18:47 / 2022-05-20

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис палаталари Кенгашлари аъзолари, депутатлар, сенаторлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов иштирок этди.

Қўшма мажлисда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга оид чораларни кўриш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этиш жоиз, бугунги кунда мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ жамиятни барпо этиш ғояси халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Мажлисда сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қилувчи, янги қонунларни ишлаб чиқиш ва амалдагиларга замон талабларига мос равишда қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясини жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштиришни тақозо этаётгани алоҳида айтиб ўтилди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар бу борада зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи конституциявий маконни янада такомиллаштириш эҳтиёжини кун тартибига кўймоқда.

[gallery-7193]

Бош қомусимиздаги ўзгаришлар “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада юксалтириш, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш учун мустаҳкам пойдевордир.

Йиғилишда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди. Унга кўра, Конституциявий комиссия раҳбари этиб Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тайинланди.

Комиссиянинг таркибига жамиятимизнинг турли қатламларидан, хусусан, депутатлар, сенаторлар, барча ҳудудлардан вакиллар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос, сиёсатшунос ва бошқа экспертлар киритилди.

Мажлисда сенатор ва депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича бир қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Конституциявий комиссия ўз фаолиятини “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя асосида очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда олиб бориши, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда халқимизнинг таклиф ва фикрлари асосида шакллантириши лозимлиги таъкидланди. Комиссияга очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аҳолининг барча қатламларидан Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш борасида вазифалар қўйилди.

– Бугунги йиғилишда жуда долзарб масалалардан бири, айнан Конституциявий ислоҳотларни амалга оширувчи комиссиянинг таркиби тасдиқланди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов. – Шу билан бирга унинг низоми тасдиқланди. Ҳеч кимга сир эмас, замон шиддат билан ривожланяпти. Дунё, фуқароларнинг дунёқарашлари ўзгаряпти. Шунга яраша яратилаётган шароит ҳам ҳуқуқий жиҳатдан бунга етиб олиши керак. Мисол учун, бугунги кунда мулк ҳуқуқини олайлик. Мулк ҳуқуқи конституциявий ҳуқуқлардан бири ҳисобланади. Конституциямизнинг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги қайд этилган. Мулкдор ўзининг мулкидан ўз хоҳишича эгалик қилиши, уни тасарруф этиши мумкин. Бу жуда катта конституциявий кафолат. Яна бир нарса конституциявий ҳимояни олайлик. Унда айтилганки, хусусий мулк бошқа мулклар шакллари каби дахлсиз, давлат ҳимоясида ҳисобланади. Мулкдорни мулкидан маҳрум этиш фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Бизнинг ташаббусимиз ушбу жараёнларни янада такомиллаштириш, халқимизга бу борада янада енгиллик яратишга қаратилган. Мулк билан боғлик низоларни суд орқали, яъни очиқ судлар орқали амалга оширишга оид нормалар киритилиши, мулк ҳуқуқининг конституциявий ҳимоясини кучайтиради.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА мухбири