Маълумки, мамлакатимизда демократия умуминсоний принципларга асосланади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича саъй-ҳаракатларнинг бошлангани ҳам энг шундан.
Конституцияга таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар жисмоний тарбия ва спорт соҳаси вакилларига ҳам бир қатор қулайликларни яратиши билан уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Паралимпия спорт турлари билан шуғулланувчи ногиронлиги бўлган шахсларга бевосита алоқадор имкониятларни яратиш назарда тутилмоқдаки, бу, энг аввало инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланишининг намунасидир. Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш учун зарур тенг шароитлар яратилмоқда.
Ҳар бир шахс қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, ишсизликда, ногиронликда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга эканлиги, жамиятда ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, ҳисобга олмаслик, четлатиш, чеклаш ёки ортиқча ён босиш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бўйин товлашни қатъиян тақиқланиши Конституция бандларида ўз аксини топмоқда.

Шунингдек, таълим бўйича алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилиши, ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга бўлиши янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади.
Шу маънода, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини ошириш, уларга жамият ва давлат ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этиш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган нормалар муҳим аҳамият касб этади.
Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар доирасида “Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, болалар ҳамда ёшларни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратилади” ғоясининг жорий этилаётганлиги спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституциявий қонун даражасида мустаҳкамланишини англатади.
Шу билан бирга, Конституциявий қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар доирасида спортчиларнинг ҳам бир қатор ҳуқуқлари янада мустаҳкамланади.
Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилиши, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, қонун билан муҳофаза қилинганлиги ҳамда инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятлилиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланиши, ҳеч бир инсон расмий равишда эълон қилинмаган қонунга асосан ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, давлат ёшларга оид сиёсатни амалга оширилишини таъминлаши, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаб қолиш чораларини кўриши, давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ҳамда жамиятнинг барқарор ривожланишини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Конституцияга киритилаётган бу каби нормалар жамиятда, жумладан спорт соҳаси вакиллари фаолияти ва ҳаётида ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлайди.
Шерзод Каримов,
Спортни ривожлантириш вазирлиги
юридик бўлим бошлиғи
ЎзА