Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституцияга инсон ҳуқуқларига оид 10 та энг муҳим янгилик киритилмоқда
11:22 / 2023-04-14

Мамлакатимизда кечаётган Конституциявий ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид саъй ҳаракатларимизнинг изчил давоми бўлмоқда. Жумладан, Конституциявий қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти сифатида муҳрланмоқда. Ушбу норма билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар, давлат органлари ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилайди.

Янгиланаётган Конституцияда «инсон-жамият-давлат» тамойили асосида инсон ҳуқуқлари борасидаги нормалар қарийб 3 бараварга кўпаймоқда. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияга инсон ҳуқуқларига оид 10 та энг муҳим янгилик киритилмоқда.

Булар қуйидагилар:

– инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади;

– инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир;

– инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунларнинг, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди;

– ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас;

– инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак;

– ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга;

– ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга;

– ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга;

– ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсоннинг миллати, яшаш жойи, жинси, этник келиб чиқиши, ранги, дини, тили ва бошқа белгиларидан қатъи назар, ажралмас ҳуқуқларидир. Барча одамлар ҳар қандай турдаги камситишларни истисно қилган ҳолда, инсон ҳуқуқларидан бир хилда фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ушбу ҳуқуқлар ўзаро боғлиқ ва ажралмасдир.

Инсон ҳуқуқларининг амалга оширилиши давлатга инсоннинг асосий ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширилишини кафолатлаш мажбуриятини юклайди. Индивидуал даражада ҳар бир инсон бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши керак.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлигини намойиш қилиш, юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида, аввало, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифалардан саналади.

Давронбек Гамлетов,

Қуйи Чирчиқ тумани адлия бўлими бошлиғи

ЎзА