8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Янгиланган Конституцияда бозор муносабатларини ривожлантириш, хусусий мулк, тадбиркорликни ҳимоя қилишга қаратилган механизмлар янада мустаҳкамланди.
Айнан мазкур тамойилларнинг аҳамияти ҳақида Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
– Конституция – миллий иқтисодий тизимнинг фундаментал асосларини белгиловчи муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шу боис, Асосий қонунга иқтисодий сиёсат мазмунини аниқлаштириш ва бойитишга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.
Бош қомусимизнинг 65-моддаси биринчи қисмига кўра, фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади.
Бу Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатида белгиланиши билан узвий боғлиқ. Зеро, иқтисодий ўсишни таъминлаш орқали аҳоли учун ҳар томонлама фаровон турмуш шароитлари таъминланади.
Мазкур моддада давлат бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратади, деган янги қоида ҳам акс эттирилди. Бу иқтисодиётни тартибга солиш давлатнинг бош вазифаларидан бири эканини англатади.
Ҳақиқий бозор муносабатлари – иқтисодий эркинлик, давлат аралашувини чеклаш, мулк дахлсизлиги ва барча соҳаларда тенг ва ҳалол рақобатни талаб этади. Эндиликда ушбу вазифаларни амалга ошириш давлат иқтисодий сиёсатининг конституциявий мазмунини ташкил этади.
Бундай нормалар тадбиркорларни эмин-эркин, даромадига биров шерик бўлишидан қўрқмасдан фаолият юритиши, давлат ва тадбиркор ўртасидаги мулоқот қонун талаби ва бозор тамойиллари асосида амалга оширилишига замин яратди.
Таъкидлаш жоизки, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб этиш давлат томонидан зарур иқтисодий-ҳуқуқий шароитларни шакллантиришни тақозо қилади. Шу боис, Конституциянинг 67-моддасига “Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди”, деган мазмундаги илғор ва барча давлат органлари фаолиятига баҳо беришнинг асосий мезонига айланадиган норма киритилди.
Иқтисодиётимизга маблағ киритиш истагида бўлган ҳар қандай инвесторни қизиқтирадиган биринчи масала – тадбиркорлик фаолияти билан бемалол шуғулланиш ва фойда олиш учун яратилган шароитлардир. Шу боис, барча давлатлар ўз ҳудудида бизнес билан шуғулланиш учун жозибадор ва қулай муҳитни таъминлашга ҳаракат қилади.
Қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити, авваламбор, мамлакатда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорликнинг таъминлангани, мукаммал ва барқарор қонунчилик базаси, суд-ҳуқуқ тизимининг мавжудлиги, ҳалол рақобат қилиш имконияти яратилгани, адолатли солиқ ва божхона тизимининг амал қилиши, энг муҳими, даромадларни эркин тасарруф этиш чекланмагани, инвесторлар учун имтиёз ва преференциялар тақдим этилгани билан белгиланади.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2024 йил 10 ойида мамлакатимизга 26 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция киритилган. Бу ўтган йилга нисбатан 1,7 баробар кўп. Шундан қарийб 24 миллиард доллари тўғридан-тўғри сармоялардир.
Киритилган инвестициялар ҳисобига 6,3 минг корхона ишга тушган, улар 30 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратган, экспорт 305 миллион долларга ошган. Энг муҳими, бунинг натижасида 163 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилган.
Конституциянинг 67-моддасига тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ, ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли экани белгиланди. Бу ишбилармонлик муҳитига ижобий таъсир кўрсатувчи муҳим омил бўлди.
Биринчидан, бу тадбиркорлар учун иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида фаолият юритиш имкониятини тақдим этади. Бунда, муайян фаолият билан шуғулланиш таъсис ҳужжатларида кўрсатилиши ёки кўрсатилмагани бирор-бир аҳамият касб этмайди. Фақатгина қонун ҳужжатлари билан тақиқ қўйилмагани талаб этилади.
Иккинчидан, ўз фаолият йўналишини мустақил равишда танлаш ҳуқуқи тадбиркорларга ўз бизнес стратегияларини бошқа шахслар, давлат органи, мансабдор шахсларнинг аралашувисиз, ўз хоҳиши ва манфаатидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятини беради.
Конституцияда киритилган мазкур қўшимчалар эркин бозор иқтисодиётининг энг муҳим талабини ўзида ифода этади. Қонунчиликка мувофиқ, ҳар қандай фаолиятга рухсат берилади, тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мезонлари конституциявий даражада мустаҳкамланди.
Бозор иқтисодиётининг энг асосий принципларидан бири – бу эркин рақобат, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва капиталнинг мамлакат бўйлаб ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланишидир.
Жаҳон савдо ташкилотининг асосий талабларидан бири – бу меҳнат ресурслари, товарлар, хизматлар ва капиталнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш ҳисобланади.
Шу сабабли, Конституциянинг 67-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади”, деб белгилаб қўйилди.
Иқтисодий макон деганда солиқ, пул-кредит, молия, савдо ва божхона сиёсати орқали товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини таъминлайдиган ҳудудий макон назарда тутилади.
Тадбиркорлар томонидан молия маблағларини тўсиқларсиз тасарруф қила олиш имконияти жуда катта аҳамиятга эга. Чунки, тадбиркор олган фойдасини мамлакатдан эркин олиб чиқиб кетиш, бошқа бозорга ёки лойиҳага йўналтириш имкониятига эга бўлмаса, у бу мамлакат бозорида фаолият юритишидан маъно қолмайди.
Ушбу ислоҳотлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларга ижобий натижаларга эришиш имконини беради. Жумладан, товарлар ва хизматларнинг мамлакат бўйлаб айланишига тўсиқлар жорий этилмаслиги таъминланади. Пул ва капитал бозорларини янада эркинлаштириш ҳисобига молия бозоридаги турли соҳаларнинг ривожланишига туртки беради. Валюта бозорини либераллаштириш, киритилган инвестициялар бўйича фойдани қайтариш кафолати таъминланади. Шартномаларни ижро этиш бўйича чора-тадбирлар кучайтирилади.
Мазкур нормалар давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан хомашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини ноқонуний чеклашнинг олдини олишга хизмат қилади. Тадбиркорлик субъектининг қайсидир ҳудудда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишини талаб қилишга чек қўйишга ҳамда меҳнат ресурсларининг эркин ҳаракатига замин яратади.
Бу, ўз навбатида, тадбиркорларни эркин ва самарали фаолият юритишига, бизнес муҳитини яхшилашга, ички ва ташқи савдо ривожланишига, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА