English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституцияда кафолатланган ҳуқуқларни амалга оширишда судьяларнинг одиллиги муҳим
16:06 / 2023-12-07

Конституция байрами арафасида Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан ўзига хос маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда бу йил умумхалқ референдуми орқали мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилингани қайд этилди. Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон қадри – бош тамойил сифатида белгиланиб, “инсон – жамият – давлат” тизими асосий йўналиш сифатида белгиланди. 

Эътиборлиси, унда суд ҳокимияти, судьялар дахлсизлигини янада мустаҳкамловчи янги нормалар ўз аксини топган. Хусусан, Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи экани Конституция даражасида мустаҳкамланди. 

Бинобарин, судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш, малакасини ошириш каби вазифаларни амалга ошириш Судьялар олий кенгаши фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади. 

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституцияда Судьялар олий кенгаши таркибини демократик тарзда шакллантиришга оид янги норма киритилди. 

Бундай тартиб нафақат кенгаш аъзоларининг мустақил фаолият юритишини, балки бутун суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашни кафолатлайди. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид янги конституциявий норма ҳам судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминловчи олий юридик кафолат ҳисобланади. 

Маълумки, Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Ибрат мактаби” туркумида узоқ йиллар самарали фаолият юритган фахрий судьяларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида китоблар чоп этиб келинмоқда. 

Конституция байрами арафасида ушбу туркумдаги яна бир китоб нашрдан чиқди. Журналист Турсунали Акбаров қаламига мансуб “Одиллик ва оддийлик саодати” номли мазкур китобда салкам чорак аср Конституциявий судда (3 йил судья, 13 йил раис ўринбосари, 7 йил раис сифатида) фаолият кўрсатган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Бахтиёр Мирбобоевнинг осон кечмаган ҳаёт йўли, у киши ҳақида ўқилмаган ҳақиқатлар ўзига хос услубда баён қилинган. 

Тадбир доирасида мазкур китоб тақдимоти ҳам ўтказилди. Зиммасидаги ўта масъулиятли ва шарафли вазифани намунали адо этган ҳолда суд тизимида узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган фахрийларга “Суд фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. 

Бундан ташқари, намунали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ судьялар, уларнинг устозлари ва ота-оналари Судьялар олий кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Н.Абдураимова, ЎзА