Янгиланган Конституция Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлади. Айниқса, унда фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси кучайтирилди.
Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди. Ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар янада мустаҳкамланди.
Аввалги Конституцияда “давлат – жамият – инсон” тамойили устувор тамойил сифатида белгиланган эди. Янгиланган Конституцияда эса давлатимизда инсон манфаатлари устуворлигини ўзида ифода этадиган “инсон – жамият – давлат” принципи мустаҳкамланди.
Бу ҳар қандай масалада, аввало, инсон манфаати таъминланиши зарурлигини англатади. Қолаверса, янги таҳрирдаги Қомусимизда инсон ҳуқуқлари устуворлиги кафолатини берувчи моддалар уч баробар кўпайтирилди.
Хусусан, Конституцияда эътироф этилганидек, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.
Конституция мамлакат ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши белгиланди.
Шу пайтга қадар Конституция нормалари тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари орқали ҳаётга татбиқ қилинар, бу эса ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим бўшлиқларга сабаб бўлаётган эди. Юқоридаги норма, бир томондан, шахс ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият эканини амалда таъминласа, иккинчидан, халқимизнинг мавжуд ҳуқуқий тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз борар экан, бу ҳуқуқнинг амалда қандай таъминланиши жуда муҳим. Бунинг учун ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган.
Конституцияда назарда тутилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид янги нормалар, ўз навбатида, судлар зиммасига ниҳоятда катта масъулият юклади.
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгилаб қўйилди.
Бу эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид масалаларда ҳуқуқни қўллаш амалиётига янгича ёндашувлар жорий қилишни долзарб заруратга айлантирди.
Бош қомусимизда белгилаб берилган, инсон ҳуқуқлари ҳимоясига, унинг манфаатларига қаратилган юксак тамойиллар амалда рўёбга чиққандагина аҳамияти ошади.
Шу боис ҳам 2023 йил 8 майда давлатимиз раҳбарининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш назарда тутилган.
Шу мақсадда янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланди.
Давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида таъминлаш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади.
Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмагани важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланади.
Фармон асосида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.
Шу асосда Конституциянинг устувор ғояларини рўёбга чиқариш ва нормаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича юртимизда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқ бўйича таълим олаётган талабаларга Конституция мазмун-моҳияти тушунтирилибгина қолмай, амалда қўлланилиши бўйича ҳам зарур тушунчалар берилмоқда.
Зарина ИСРОИЛОВА,
Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD),
ЖИДУ “Халқаро ҳуқуқ ва давлат ҳуқуқи фанлари”
кафедраси доценти.
ЎзА