English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституцияда инсон ҳуқуқлари энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди
17:22 / 2023-03-27

Сенаторлар жойларда янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбатлари ўтказмоқда.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан Қибрай туманида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ва аҳоли иштирокида ўтказилган тадбирда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланаётгани қайд этилди.  

Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланди. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади.  

Янги таҳрирдаги Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. Хусусан, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни «сукут сақлаш» ҳуқуқи белгиланди.  

Шахс қариндошларининг судланганлиги асоси билан ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслигини таъминлайди.  

Тадбир давомида Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида тўхталиб ўтилди. Янгиланган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилиши қайд этилди. 

Ўз навбатида, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.  

Сенаторларнинг ҳудудлардаги учрашувлари давом этмоқда.  

ЎзА