Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституцияда ҳокимиятлар бўлиниши принципи ўз аксини топган
11:30 / 2023-12-06

Дунёнинг кўпгина давлатларида бўлгани каби Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам ҳокимиятлар бўлиниши принципи ўз аксини топган.

Конституциянинг 11-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

Ўзбекистон Ресупубликасида ижро этувчи ҳокимиятни Вазирлар Маҳкамаси амалга оширади. 

Вазирлар Маҳкамаси Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирлардан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.

“Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, давлат қўмиталари раислари ҳам ҳукумат таркибига кириши белгилаб қўйилган.

Вазирлар Маҳкамаси — Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи бўлиб, иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига раҳбарлик қилади. Қонунлар, Олий Мажлис қарорлари, Президент фармон, қарор ва фармойишлари ижросини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси мамлакатда ижро этувчи ҳокимиятнинг ягона тизимига раҳбарлик қиладиган коллегиал органдир.

Бош вазири Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди, халқаро муносабатларда тузилма номидан иш кўради.

Бош вазир номзоди парламент палаталарининг мансабдор шахслари сайлангандан ва органлари шакллангандан сўнг бир ой ичида ёки Бош вазир лавозимидан озод этилганидан кейин ёхуд Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркиби истеъфога чиққанидан кейин бир ой ичида Қонунчилик палатасида кўриб чиқилади. Маъқуллаш учун Президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади.

Қонунчилик палатаси Президент томонидан тақдим этилган Бош вазир номзодини тақдимнома киритилган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқади.

Бош вазир лавозимига номзод Қонунчилик палатасида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.

Бош вазир номзоди унинг учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда маъқулланган ҳисобланади.

Шерзод Тожиев,

Фарғона вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.

ЎзА