Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституцияда белгиланиши кутилаётган судьялар алмаштирилмаслиги тўғрисидаги қоида нимани англатади?
12:15 / 2022-07-22

Шу кунларда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси қизғин давом этмоқда. Унга кўра, Конституциянинг 112-моддасида судьяларни алмаштириб бўлмайди, уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин, деган қоидани белгилаш таклиф этилмоқда.

Шу масала бўйича Тошкент давлат юридик университетининг кафедра мудири Бекзод НАРИМАНОВ тушунтириш беради. 

— Мазкур норманинг асосий мазмун-моҳияти шундан иборатки, судьялар алмаштирилмайди, уларнинг розилигисиз бошқа лавозимга ёки бошқа судга ўтказилиши мумкин эмас, судьялар фаолиятига аралашиш, босим ўтказиш, асоссиз фаолиятини тўхтатиш ёки тугатиш каби ҳолатларга барҳам бериш тушунилади, шунингдек, судьянинг истеъфога чиқиш ҳуқуқини англатади. 

Шунга ўхшаш норма “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 13-моддасида ҳам акс этган. Жумладан, унда Конституциявий суднинг судьяси ўз ваколатлари муддати давомида алмаштирилмайди. Конституциявий суд судьясининг ваколатлари ушбу қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмас, деб белгиланган. 

Қолаверса, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 10-моддасида ҳар бир инсон ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш ва унга қўйилган жиноий айбнинг қанчалик даражада асосли эканини аниқлаши учун тўлиқ тенглик асосида унинг иши ошкора ва адолат талабларига риоя қилинган ҳолда мустақил ва холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги қоида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. 

Дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳам судьяларнинг мустақиллиги, алмаштирилмаслиги конституция даражасида белгиланган. Конституцияларда судлар ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган аниқ чораларни ўзида акс эттирувчи нормалар билан тўлдириш амалиёти ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллигида кенг тус олди. 

Хусусан, бу борада рақамларга эътибор берсак, 2000 йилга келиб жаҳон мамлакатлари конституцияларининг 50 фоизида судьяларни лавозимга тайинлаш тартиби, 27 фоизида судьяларни лавозимдан озод этишнинг асослари, 25 фоизида умрбод судьялик муддати ва судьяларнинг ойлик иш ҳақига доир нормалар мустаҳкамланган эди. 

Демак, Конституциямизнинг 112-моддасида шу билан боғлиқ нормани киритиш орқали судьяларнинг ваколатлари муддати давомида алмаштирилмаслиги, судьянинг ваколатлари қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда. Бу орқали судьяларнинг мустақиллиги конституциявий даражада кафолатланади. Бу эса, ўз навбатида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли таъминлашга хизмат қилади. 


Н.Тошпўлатова, ЎзА