Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституцияда акс этаётган "Миранда қоидаси" – "Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз"
11:37 / 2022-08-22

ЭКСПEРТЛАР ФИКРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида «Миранда қоидаси» ва «Хабеас корпус» тамойиллари акс этиши кутилмоқда. Ушбу кутилаётган янгилик ўзбекистонликлар ҳаётида нималарни ўзгартириши мумкин? «Миранда қоидаси» нима? Унинг асосий Қомусимизда пайдо бўлиши инсон ҳуқуқларини қанчалик кафолатлайди? Ушбу саволларга Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори Ғуломжон Ҳакимов ва мазкур университет доценти Дилдора Юсупова ЎзАга берган интервьюсида атрофлича жавоб берди:

– Шавкат Мирзиёев конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда «Миранда қоидаси» ва «Хабеас корпус» тамойилларини Конституцияда акс эттириш кераклигини таъкидлагач, аҳоли орасида мазкур тамойилларнинг мазмунига қизиқиш ортди. «Миранда қоидаси»нинг моҳияти ва келиб чиқишига тўхталсангиз.

Ғуломжон ҲАКИМОВ: – Қоида америкалик жиноятчи Эрнесто Артуро Миранда номи билан боғлиқ. У АҚШ Олий суди томонидан 1966 йилда жиноят содир этишда гумонланувчиларнинг ўзига-ўзи қарши гувоҳлик бериб қўймаслигини таъминлаш мақсадида киритилган. 1963 йилда бу шахс товламачилик ва номусга тегиш жинояти билан қўлга олинган. Сўроқдан сўнг Миранда ўзига қўйилган айбловларга иқрор бўлиб, сўроқ баённомасига имзо чекади. Баённоманинг ҳар бир саҳифасида «Бу баённомага ўз ихтиёрим билан имзо чекдим, ҳеч ким мени мажбурламади, ҳеч қандай таҳдид қилмади. Менга мен томонимдан билдирилган ҳар қандай баёнот ўзимга қарши ишлатилиши мумкинлиги ва бошқа ҳуқуқларим тушунтирилди», деган ёзувлар бўлган. Лекин энг диққат қиладиган томони, бу ҳуқуқларни ҳеч ким Мирандага оғзаки тушунтириб бермаган.

Миранданинг адвокати Элвин Мур судда Миранданинг ҳақ-ҳуқуқлари талаб даражасида тушунтирилмаган, шунинг учун айбига иқрорлик билан боғлиқ барча далил ва кўрсатмалар ишдан чиқарилиши лозим, деган важни илгари суради. Иш АҚШ Олий судигача етиб боргач, «Миранданинг ҳуқуқлари бузилган» деб ҳисобланиб, ишдан Миранданинг кўрсатмаларини чиқариб ташлаш ва ишни қайта кўриш учун қарор чиқаради.

Мазкур прецедент 1966 йилдан АҚШ жиноят процессига янги институт – биринчи ўринда гумонланувчининг ҳақ-ҳуқуқлари тушунтирилиши шарт эканлигини назарда тутувчи «Миранда қоидаси»нинг киритилишига сабаб бўлган.

– Мазкур прецедентнинг асоси нимадан иборат?

– Асосий тушунча жиноят содир этишда гумон қилинувчи шахс ушланганда, қонуний ҳақ-ҳуқуқлари унга тушунтирилиши керак. Агар гумонланувчига бу ҳақда оғзаки тушунтириш берилмаса, гумонланувчи айтган ҳар қандай сўз ёки сўроқ пайтида олинган ҳар қандай кўрсатма далил сифатида тан олиниши мумкин эмас.

– Шахс гумонланиб қўлга олинганда, «Миранда қоидаси» қандай ифодаланади, унинг аниқ белгиланган шакли борми?

Дилдора ЮСУПОВА: – Йўқ, қоида гумонланувчининг энг аввало ҳуқуқлари батафсил тушунтирилишини назарда тутади, холос. Лекин унинг қуйидаги шаклланган матни кўп тарқалган ҳисобланади: «Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Ниманики айтсангиз ёки сўзласангиз, ушбу айтганларингиз ўзингизга қарши судда ишлатилиши мумкин ва ишлатилади ҳам. Сиз сўроқ пайтида адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз. Агар сиз адвокатнинг хизматини тўлай олмасангиз, сизга давлат томонидан адвокат таъминланиши мумкин. Ҳуқуқларингиз сизга тушунарлими?».

– Бирор шахс ҳали айби исботланмай ушланган вақтда унинг қандай ҳуқуқлари мавжуд бўлади?

– Бундай ҳолатда гумонланувчи гапиришга мажбур эмас. Ҳуқуқ посбони «Қани гапир, нега буни ўғирладинг, қаердансан, исминг ким?» сингари саволларга миқ этмай туравериши мумкин. Сўроқ пайти бўлса, бошқа гап. Лекин расман сўроқ бошланмагунча, ғинг демай туравериш мумкин. Ҳатто, сўроқ пайтида ҳам шахсни саволларга жавоб беришга мажбурлаш мумкин эмас. Гумон қилинувчининг ўрнига унинг адвокати гапиради, далиллар тилга киради.

Жиноят қонунчилигида шундай қоида бор: шахс ўзининг айбсиз ёки айбдор эканлигини исботлашга мажбур эмас. У умуман ҳеч қандай ҳаракатсиз жим ўтириши мумкин. Унинг айбини полиция исботлаши лозим ва бу унинг мажбуриятидир. Елади-югуради, далилларни йиғади, гувоҳларни топади ва ҳ.к. Ҳатто, шахс ўз айбини бўйнига олиб, «Мен одам ўлдирдим», деб полицияга келганда ҳам, чиндан шу одам ўлдирганми ёки бошқами, полиция уни ҳам исботлаши керак.

Кейинги ҳолат. Ниманики айтилса, улар унинг ўзига қарши судда ишлатилиши мумкин. Юқорида айтилганидек, қўлга олинган пайтда яхшиси, жим турган маъқул. Чунки билиб-билмай гапириб қўйиб, айбсиз айбдор бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. Масалан, қўпол сўзлар ишлатиб, полицияни ҳақорат қилиб қўйиш мумкин ёки ишга умуман алоқаси йўқ бошқа нарсани оғиздан «гуллаб» қўйиш мумкин ва ҳ.к.

Айримлар «Адвокатга тўлашга пулим етмайди, ўзимни ўзим ҳимоя қила олмайман, бўлар иш бўлди, барибир улар мени қамайди», деб тушкунликка тушиб, ўзини йўқотиб қўяди ва оқибатда содир этмаган қилмишни ҳам бўйнига олиб қўяди. Шунинг учун ҳам қўлга олиш чоғида албатта, унинг адвокат билан таъминланиши ҳуқуқига эгалигини тушунтириш муҳим ҳисобланади.

– Хорижий мамлакатларнинг қонунчилигида «Миранда қоидаси» қандай ифода этилган?

– «Миранда қоидаси» бугун барча давлатлар Конституцияси ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда умумэътироф этилган норма сифатида белгиланган. «Миранда қоидаси» турли давлатлар қонунчилигида турлича ифода этилган. Масалан, АҚШнинг Нью-Мексика, Техас, Аризона ва Калифорния каби штатлар қонунчилигида ушбу қоида қуйидагича белгиланган: Агар сиз Қўшма Штатлар фуқароси бўлмасангиз, саволларга жавоб бериш олдидан мамлакатингиз консули билан алоқада бўлишингиз мумкин.

Виржинияда эса фуқаро ҳар қандай вақтда саволларга жавоб беришни рад этиши мумкин.

Мафтуна КАРИМОВА суҳбатлашди, ЎзА