English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция жамият ривожига кучли туртки беради
18:28 / 2025-11-28

Сирдарё туманидаги сафарбарлик чақирув резерви баталионида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан “Конституция – ҳуқуқларимиз кафолати” мавзусида маърифий-ҳуқуқий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Дилноза Умрзоқова, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вилоят бўлинмаси мутахассиси О.Муҳаммаджонов, туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ш.Исмоилов, шунингдек, Маънавият ва маърифат бўлими раҳбари Б.Умматқуловлар иштирок этишди.

Маърузачилар томонидан Конституциямизда мустаҳкамланган асосий ҳуқуқ ва эркинликлар, жамият ва давлат қурилишидаги демократик тамойиллар, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган механизмлар атрофлича тушунтирилди. Таъкидланганидек, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.

Тадбирда сўз олган Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Дилноза Умурзоқова Конституциянинг ҳаётимиздаги ўрнига тўхталар экан, жумладан шундай деди:

–  Конституция нафақат давлат ва жамият қурилишига оид меъёрларни белгилайдиган олий юридик ҳужжат, балки ҳар бир инсоннинг орзу-умидлари, фаровон ва хавфсиз ҳаётга бўлган ишончини ифода этувчи тирик қомус ҳисобланади. Унда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларнинг амалда таъминланиши фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди, жамият ривожига кучли туртки беради. Шу боис, ҳар биримиз Конституцияни чуқур билишимиз, унга амал қилишимиз ва уни ҳаётимизнинг асосий йўл харитаси сифатида қабул қилишимиз зарур.

Мулоқот давомида иштирокчилар Конституциянинг ҳаётимиздаги амалий аҳамияти, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ҳуқуқий давлат қуриш жараёнидаги ўрни ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири