Жиззах вилоятининг Фориш туманида “Конституция – меники, сеники, бизники! Конституция – ўзимизники!” шиори остида тарғибот тадбири бўлиб ўтмоқда.
Бугунги кунга келиб туманда 11 миллат ва элат вакиллари бир оила аъзоларидек аҳил-иноқ яшаб, меҳнат қилмоқда. Улар бир-бири билан қиз олиб, қиз бериб қуда-анда бўлиб кетган, тўю маъракалари, қувончу шодиёналари, бозору мозорлари, қолаверса, дарду ташвишлари ҳам бир, эътиборлиси, ҳар бир яхши-ёмон кунлари бир-бирларисиз ўтмайди.

Тумандаги “Ўхум” ҳамда “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида асосан тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Улар ҳам туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида самарали меҳнат қилиб, ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Бугун “Ўхум” МФЙда Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясига бағишлаб “Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники!” шиори остида бўлиб ўтган тарғибот тадбири давомида жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти, соҳаларга доир муҳим жиҳатлар хусусида маълумотлар берди.
Асосий Қонунимиз мамлакатимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этиш йўлида қўлга киритилаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг ҳуқуқий пойдевори – келажагимизнинг ишончли кафолати эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда сўз олганлар, янги Конституция лойиҳасида инсон ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари, белгиланаётган янги нормалар тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтди.
“Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники!” шиори остида бўлиб ўтган тарғибот тадбирида туман “Маданият маркази” ҳаваскор санъаткорлари, Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарларидан келган эстрадамизнинг таниқли юлдузлари иштирокида гала концерт намойиш этилди.
Янги таҳррирдаги Конституциямиз инсоннинг туғилишидан бошлаб, яшаши, соғлиги ва таълим олиши, эрк ва мажбуриятларини ўзида мужассам этган, такомиллашган Қомус инсон қадрини юксалтириш, жамият ривожланишида муҳим аҳамиятга эга қонунлар мажмуаси эканлиги алоҳида таъкидланди.

Худди шу куни форишлик ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Ўзбекистон ёшлар мамлакати” шиори остида Ёшлар сайли ташкил этилганини ва у ватандош йигит-қизларимизнинг диққат марказида бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган Ёшлар сайли давомида ёшлар ўртасида турли кўрик-танловлар, мусобақалар, шеърхонлик кечалари ташкил этилди.


Ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида китобхонлик тарғибот тадбирлари ҳам бўлиб ўтди. “Ўзбекистон ёшлар мамлакати” шиори остида ўтказилган ушбу тадбир давомида ёшлар иштирокида “Менинг Конституциям”, “Конституция ўзимизники!” “Мен бефарқ эмасман” мавзуларида тарғибот тадбирлари ҳам амалга оширилди.
Ҳар икки тадбирда сўзга чиққанлар, жорий йилнинг 30 апрель куни бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтадиган умумхалқ референдумида фаол иштирок этиб, ўз келажаги кафолати учун овоз беришга чоралади.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА