Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Давлатимиз томонидан ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Эндиликда бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар Конституциявий ислоҳотлар доирасида изчил давом эттирилади.
Конституциявий ислоҳотлар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти вакилларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
Шаҳноза ЖОЛДАСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси:
– Бугунги кунда конституциявий ислоҳотлар энг қизғин босқичда, яъни Конституциявий қонун лойиҳаси халқимиз томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Ушбу жараёнлар ҳақида тўхталар эканман, аввало, Президентимизнинг Конституциявий комиссия вакиллари билан учрашувида бевосита иштирок этиб, кўтарилган барча масалалар аҳолини узоқ йиллардан бери ўйлантираётган муаммолар эканлигини ҳис қилганимни таъкидламоқчиман.
Қатор олий таълим муассасаларида талаба-ёшлар билан бўлаётган учрашувлар давомида берилган саволлар, фикр-мулоҳазалардан англаяпмизки, давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар масалаларига оид илгари сурилган таклифлар ёшларнинг дилидаги хоҳиш-истаклар экан. Бу борадаги таклифларнинг Бош қомусимизда акс этиши мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати бундан кейин ҳам изчил давом этишини исботлади ва ўз ўрнида республикамиздаги барча ёшларга катта мотивация беради.
Масалан, Конституциявий қонун лойиҳасига кўра, Конституциянинг 41-моддасида ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашиши, ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотларига ўқишга кириши учун мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлаши ўз аксини топган. Шунингдек, бепул умумий ўрта таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, умумий ўрта таълим мажбурий эканлиги, мактаб ишлари, мактабгача таълим ва тарбия давлат назоратида бўлиши кабилар мустаҳкамланмоқда.
Яна бир муҳим жиҳатни алоҳида эътироф этиш жоиз. Ушбу моддада таълим бўйича алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилиши ўз аксини топган. Шунингдек, давлат истеъдодли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришини кафолатлайди. Давлатга қарашли, хусусий ва бошқа шаклдаги таълим муассасалари ҳамда ташкилотларини ривожлантириш учун давлат тенг шарт-шароитлар яратади.
Бош қомусимизда бу каби нормаларнинг ифодаланиши мамлакатимиз эртаси бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Хуршид БОТИРОВ, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти қўмита раиси:
– Янги Ўзбекистон чин маънода янги ва дадил мақсадлар билан олдинга қадам ташламоқда. Бундай вақтда Конституция ва қонунлар ҳам халқнинг орзу ва мақсадларидан, эртанги кунги режалари ва ўтган давр хулосаларидан келиб чиқиб, албатта, такомиллашуви талаб этилади. Aйни шундай паллада ёшларнинг ҳуқуқ-манфаатларини Асосий қонунда мустаҳкамлаш зарурлиги Президентимизнинг шахсан ўзи томонидан ташаббус қилинди ва буларнинг бари Конституциявий қонун лойиҳасида ўз ифодасини топди.
Социологик тадқиқотларга кўра, ёшлар ижтимоий-сиёсий жараёнларда энг фаол ва энг катта қатлам сифатида иштирок этмоқда. Уларнинг ўз мақсад ва режаларини рўёбга чиқариши учун маҳаллаларда, ёшлар ташкилотларида, жамоат бирлашмалари ва таълим муассасаларида турли имкониятлар яратилган. Aммо улар мамлакат ҳаётида кузатувчи эмас, жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида қатнашишни хоҳлайди.
Шу ўринда қайд этмоқчиманки, Конституция билан ёшлар ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам сифатида давлат ва жамият ҳимоясида бўлиши, оналик ва болалик билан бирга оталикнинг ҳам давлат томонидан муҳофаза қилиниши айни зарур эҳтиёж ҳисобланади. Шунингдек, боланинг соғлом ривожланиши учун имконият яратиш ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ҳақида ҳам аниқ нормаларни белгилаш зарур.
Конституция нафақат халқ фаровонлиги, тинчлиги ва тотувлиги гарови, балки катта ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг келажаги, тақдирини ҳал қилувчи кафолатлар мажмуасидир. Шу сабабли ёшларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш ҳамда муҳокамаларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳим масалалардандир.
Отабек ШАВКАТОВ, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:
– 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор мақсадлар белгиланган. Хусусан, ёшларни иш билан таъминлашда уларнинг иқтисодий мустақилликка эришишлари ва ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишида кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши энг асосий омилдир.
Президентимиз томонидан хусусий мулк борасида илгари сурилган таклифлар Конституциявий қонун лойиҳасида акс этаётгани ўтган давр мобайнида амалга оширилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳамда бу соҳадаги янгилик ва енгилликларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилади.
Илғор хорижий давлатлар тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида кичик ва ўрта бизнеснинг таъсири катта эканлигини кўришимиз мумкин. Шу жиҳатдан ҳам иқтисодиёти ривожланган давлатлар мактабдан бошлаб ёшларга тадбиркорликни, бизнес лойиҳаларни тайёрлашни ўқитади ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароит яратиб беради.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий бўғини ҳисобланиб, қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид нормалар белгиланган.
Бизнингча ҳам, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишини ва ёшларнинг келажагини назарда тутиб, давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши Конституция даражасида мустаҳкамланиши долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади.
Муҳтарама Комилова,ЎзА