Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция – янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
18:21 / 2025-12-05

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 33 йил тўлади. Бу муддат йиллар, асрлар суронида жуда қисқа фурсат, албатта. Бироқ унинг мамлакат ривожи, халқимиз турмуш фаровонлиги, ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Маълумки, юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали қабул қилинди. Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича барча орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топди.

Ўтган қисқа вақт мамлакат учун муҳим ўзгаришлар даврига айланди. Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий янгиланишларга асос бўлган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотлардан асло ортга қайтмаслигини, қонун устуворлиги ва барқарор ривожланишга мудом интилишини тасдиқлайди.  

Асосий қонунимизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби эзгу ғоялар атрофида фуқароларни жипслаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 21 ноябрь санасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.  

Ҳужжат билан тасдиқланган дастур доирасида бу йилги байрам тантаналари “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғоя асосида кенг миқёсда нишонланиши белгиланди. Айни кунларда юртимиз бўйлаб байрам шодиёналари юқори кайфиятда давом этмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ҳам “Конституция – янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” мавзусида маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан йиғилганларни муборакбод этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари, юридик фанлар доктори, доцент Бекзод Нариманов, Тошкент давлат юридик университети жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор Аброржон Отажонов  ва бошқалар  демократик давлатнинг вужудга келиши шарт-шароитлари, унинг тараққиёт босқичлари, баркамол авлод, етук шахс тарбияси, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси –  Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳисобланади. Конституциявий ислоҳотнинг асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламидир.

Юртимизда янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, бу жараёнда фуқароларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари, айниқса ёшлар бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.

Меҳнат жамоалари, олий ўқув юртлари, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда қарийб 10 мингта қўшимча таклиф келиб тушди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янгилаш бўйича жами 222 минг 715 та таклиф олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимиз жипслашгани, Бош қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлганидан далолат беради.

Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.

Бош Қомусимиз Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Тадбирда академия талабалари томонидан шеърлар, куй-қўшиқлар ижро этилди. Меҳмон санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Н.Усмонова, ЎзА