Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция – Янги Ўзбекистон тараққиёти пойдевори
17:08 / 2025-12-03

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори, халқимизнинг эрки ва мустақиллик ғояларини мужассам этган Асосий қонун — Конституция халқимиз ҳаётида беқиёс аҳамиятга эга. Ҳар қандай демократик жамиятда қонун устуворлиги эркин ва фаровон ҳаётнинг асоси бўлса, бу тамойилнинг ҳаётга татбиқ этилишида Конституция бош мезон вазифасини бажаради.

Конституциямиз ўтган йиллар давомида сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳаётимизни тубдан ўзгартиришга хизмат қилди. Халқимизнинг бевосита иродаси билан 2023 йилда ўтказилган референдумда Асосий қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниб, демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқлари ва халқ манфаатларига мос равишда тубдан янгиланди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Инсон қадрини юксалтириш — Янги Ўзбекистоннинг бош мақсади.” Бу ғоя бугунги конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳиятининг марказида туради. Янгиланган таҳрирда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳолининг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган нормалар аниқ ва равшан белгиланди.

Шу билан бирга, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва оилани қўллаб-қувватлаш, маҳалла институтининг нуфузини ошириш, ижтимоий ҳимоянинг узвий тизимини шакллантиришга доир қатор янги конституциявий кафолатлар мустаҳкам ўрин олди. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлиб, фуқароларнинг муносиб ҳаётини таъминлашга хизмат қилади.

Буюк мутафаккирларимиз тарих давомида адолат ва қонун устуворлигини давлат барқарорлигининг энг муҳим шарти сифатида эътироф этганлар. Амир Темур “Куч — адолатда” дея адолатни давлат бошқаруви пойдеворига айлантирган. Алишер Навоий эса “Адолат — мулкни обод қилур” дея жамиятнинг равнақида адолатнинг ўрнини алоҳида таъкидлаган. Бугун Конституциямиз айнан шу ғояларни замонавий ҳуқуқий тизимда давом эттирмоқда.

Конституциямизнинг янги “Инсон — жамият — давлат” тамойили давлат органлари фаолиятида халқ манфаатларини устувор қилишни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак.”

Ушбу тамойил янги Ўзбекистоннинг демократик тараққиёт моделининг асосий йўналишига айланган.

Бугун маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, Конституциянинг мазмуни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилишда муҳим вазифани бажаради. Ёшларни қонунларга ҳурмат, Ватанга садоқат, адолат ва масъулият руҳида тарбиялаш — буюк келажагимизни барпо этишнинг энг муҳим шартларидан бири.

Конституция биз учун нафақат ҳуқуқий кафолатлар мажмуи, балки тинчлигимиз, барқарорлигимиз, фаровонлигимиз ва порлоқ келажагимизнинг ишончли мезони.

Дилором ҒАФФОРОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази  

Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари

ЎзА