Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция – халқимиз орзу-истаклари кўзгуси
17:40 / 2023-03-27

Тошкент тиббиёт академияси мамлакатимиздаги тиббиёт институтлари учун таянч тиббиёт олий таълим муассасаси ҳисобланиб, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда доимо фаол олийгоҳ бўлиб келмоқда.

Мамлакатда тиббий кадрларни тайёрлаш, тиббиёт илм-фани, тиббий таълим тарихи ва унинг ривожи бевосита мазкур тиббиёт академиясида фаолият юритган, юритаётган академиклар, профессорлар, илм-фан соҳаси намояндалари билан боғлиқ. 100 ёшни қаршилаган Тошкент тиббиёт академияси бугунга қадар 90 мингдан зиёд малакали шифокорлар тайёрлаб берганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ушбу олийгоҳ кадрлар етиштириб бериш билан бирга мамлакатимиздаги тиббиёт олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши ва шаклланишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Aлбатта инсон муносиб шароитда таълим-тарбия олиб, ҳуқуқ ва манфаатлари жаҳон стандартларига мувофиқ таъминлангандагина давлат барқарор ривожланади. Шу туфайли бугунги кунда жаҳон рейтингида юртимиз ҳар соҳада олдинламоқда. Бунинг асосий сабаби эса инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларига муҳим аҳамият берилаётганида, деб айтиш мумкин.

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да узоқ йиллар давомида ишламай турган Тошкент тиббиёт академиясининг бош ўқув биносининг Рақамли университет талабларига мос равишда жиҳозланган ҳолда топширилиши академиянинг талабалари ва профессор-ўқитувчиларига катта қувонч бахш этди.

3000 нафар талаба таҳсил оладиган олийгоҳ биносида талабаларнинг ўқиши, ўз устида мустақил ишлаши ҳамда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориши учун 89 та замонавий жиҳозланган ўқув ва амалиёт хоналари, маъруза заллари, 10 та илмий-тадқиқот лабораторияси, 20 дан ортиқ ижтимоий зоналар, 680 ўринга эга (шундан 180 ўрин ёзги) ошхона ва буфет, китоб дўкони, талаба ва ходимларнинг фарзандлари учун болалар боғчаси каби имкониятлар яратилган.

Ўзбекистонда биринчи бўлиб Тошкент тиббиёт академиясида 2022 йилда Симуляцион ўқитиш кафедраси ташкил қилинди. Симуляцион мaшғулoтлaр давомида талабалар клиникaдa aниқ симптoмлaри бўлгaн бемoр бoр ёки йўқлигидaн қaтъи нaзaр, ўқув дaстуридa кўздa тутилгaн бaрчa кaсaлликлaр билaн тaнишиш, диагностика ва даволаш мақсадида 250 дан ортиқ амалий кўникмалар ва муолажаларни ўрганади.

Симуляция маркази виртуал кўп тармоқли клиника тамойили асосида ташкил этилган. Марказда тез ва шошилинч ёрдам кўрсатиш, қабулхона, реанимaция, оперaция хонаси, жарроҳлик, болаларга ёрдам кўрсатиш, туғруқ зали ва гинекологик операциялар, терапия, офтальмология, ЛОР, стоматология хоналари юқори даражадаги симуляторлар билан ҳамда махсус жиҳозланган халқ табобати, эксперт зонаси, имтиҳон учун OSKE хоналарига эга.

Академия бош биносида Рақамли тиббиёт маркази ташкил этилган бўлиб, марказ рақамли университет, тест маркази, телемедицина, электрон поликлиника, электрон стационар, электрон деканат VR ва AR технологиялар, компьютер синфлари ва бошқа электрон дастурларни ўз ичига олган.

Рақамли университет тизимида ишловчи Moodle ва HEMIS платформасида талабалар учун фан дастурлари, дарс жадвали, ўқув режа, давомат ва электрон рейтинг дафтарчаси мавжуд. Электрон журнал ва рейтинг дафтарчаси орқали талабалар олган баҳоларни уларнинг ота-оналари ҳам кузатишлари мумкин.

Нафақат Тошкент тиббиёт академияси олимлари ва илмий изланувчилари учун, балки Республика миқиёсида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун Молекуляр генетика, клиник иммунология, ҳужайра технологиялари ва фармако-токсикологик, гематологик, экология ва шу каби 10 дан ортиқ бошқа лабораторияларни ўз ичига олган Биотехнологик тадқиқотлар маркази ташкил этилди. У 44 турдаги замонавий илмий-тадқиқот ускуналари билан жиҳозланган.

Рақамлаштирилган Ахборот-ресурс маркази академиянинг ўқув, илмий, маънавий-маърифий жараёнларини ахборот ресурслари билан таъминловчи зиё маскани, деб айтиш мумкин.

Ахборот-ресурс марказида электрон хизмат кенгайишини таъминловчи янги, халқаро амалиёт тажрибасидан ўтган хизмат кўрсатиш шакллари ва илғор дастурий маҳсулотларни тизимли асосда жорий этиш мақсадида “Электрон ресурслар билан ишлаш”, “Рақамлаштириш”, “Хорижий адабиётлар“,
 

“Илмий-тиббий ва ўқув адабиётлари” бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Марказ бир вақтнинг ўзида 500 нафар талабага хизмат кўрсата оладиган ўқув зали ва 300 та компьютерли виртуал кутубхонага эга. Марказнинг QR-кутубхонасида талабалар исталган китоб ва илмий журналларни мобил қурилмалари ёрдамида сканерлаб, онлайн ўқишлари ёки юклаб олишлари мумкин.

Тошкент тиббиёт академияси талабаларига ўтган 2022 йил қатор муваффақиятларни туҳфа этди. Талабалар орасидан Маҳкамова Мунисахон Президент стипендияси, Исмоилов Улуғбек “Мард ўғлон” давлат мукофотига эришган бўлса, Диёра Турсунбаева эса Ибн Сино стипендияси совриндорига айланди. Иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида академияда фаолият олиб борган машҳур 13 нафар академик ва 8 нафар профессор номидаги ва бошқа номли, жами 209 та махсус стипендия жорий қилинган.

Германия билан ҳамкорликда “Тиббий физика” мутахассислиги очилиши бўйича шартнома имзоланди. INHA университети билан ҳамкорликда тиббиётда IT технологиялари модулини магистр-талабаларга ўтиш тўғрисида битим тузилди. Илк бор 2022/2023 йилдан магистратурага IELTS сертификатига эга даъвогарлар қабул қилинди.

Академиянинг Жамоат соғлиғини сақлаш мактабининг “Жамоат соғлиғини сақлаш ва соғлиқни сақлашни бошқариш” (Master in Public Health and Healthcаrе Management) магистратура мутахассислиги дастури Европа Иттифоқининг Жамоат соғлиғини сақлаш таълимини аккредитация қилиш агентлиги (APHEA-Аgency for Public Health Education Accreditation) томонидан халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди.

Халқаро ҳамкорлик борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. 2022 йилда академиянинг хорижий талабалари географияси кенгайди. Хорижий ҳамкорлар билан янги имзоланган шартномалар сони 80 тадан ошди. Хорижнинг нуфузли тиббиёт муассаларининг етакчи мутахассислари ўқув жараёнига мутахассис сифатида жалб этилди.

Мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга юртимиз ва халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўладиган Янгиланаётган Конституцияга Тошкент тиббиёт академияси жамоаси ҳам бефарқ эмас.

Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.

Конституциямиздаги моддалар кўпайиб, унга турли йўналишларда ўзгаришлар киритилиб, инсон эрки, қадр-қиммати асос қилиб олинди. Инсон эркин бўлиб бу дунёга келар экан, демак эркин яшаши лозим. Ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати бўлиши, давлат ва жамият эса бунга шароит яратиб бериши зарур.

Қонун лойиҳасида фуқароларнинг малакали тиббий хизмат кўрсатилишига, соғлом табиий муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, экологик тизимни муҳофаза қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўриши назарда тутилмоқда. Таълимни, илм-фанни, миллатни ва хусусан, ёшларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг аниқ конституциявий кафолатлари назарда тутилмоқда.

Конституция лойиҳасида 18 миллиондан ортиқ ёшларимиз масаласига ҳам эътибор берилиб, уларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш давлатнинг конституциявий мажбурияти экани белгиланмоқда. Бош қомусимизда ёшлар учун алоҳида боб ажратилмоқда.

Бундан ташқари, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи тақдим этилмоқда. Конституциямизга ушбу норманинг киритилиши профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Жумладан, кейинги йилларда кўплаб нодавлат олий ўқув юртлари очилди, хорижий университетлар филиаллари сони ортмоқда, 41 та давлат олий ўқув юртига академик ва молиявий мустақиллик берилди.

Олий таълим учун зарурияти ўта муҳим, деб эътироф этиш мумкин бўлган Конституцияга 411-модданинг қўшилиши таклифи яна бир муҳим янгилик, деб эътироф этиш мумкин. Унга кўра “Ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли. Олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунда белгиланган доирада ўзини ўзи бошқариш, академик эркинлик, шунингдек, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга. Давлат илм-фанни ривожлантиришга, жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатишга кўмаклашади”.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган. Ушбу модда давоми сифатида “Фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини бепул олиш ҳуқуқга эга”, деган қўшимча киритилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Хулоса ўрнида халқимиз муаллифлигида, яъни жамоатчилик таклифлари асосида, илғор хорижий тажрибалар, халқаро стандартларни ўрганган ва қўлланган ҳолда шакллантирган халқчил Конституция ўзимизники эканлигини таъкидлаш жоиз. Асосий қонунимиз сизу бизнинг, ҳар бир ватандошимизнинг хоҳиш-иродасини ифода этади. Демак, ўз келажагини шу юрт тақдири билан боғлаган ҳар бир инсон муҳим тарихий воқеа Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдумга бефарқ бўлмайди.

Халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган Тошкент тиббиёт академиясининг жонкуяр ходимларини ҳам юртдошларимиз қаторида халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий ҳужжат лойиҳасига бефарқ бўлмай, референдумда фаол иштирок этишга чорлаб қоламан.

Алишер ШАДМАНОВ,

Тошкент тиббиёт академияси ректори.

ЎзА