Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция – халқ иродасининг ифодаси
11:36 / 2025-12-09

Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган туб ислоҳотлар, “Инсон қадри учун” тамойилига таянган давлат сиёсати Конституцияда ўз аксини топди.

Бугунги кунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ғояси давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатининг тамал тошига, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи ҳамда ушбу эзгу саъй-ҳаракатларни ўзаро боғлаб турувчи муҳим омилга айланди.  

Хусусан, Асосий Қонунимизнинг 115-моддасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгариши, эпидемиялар, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, 49-моддасида эса ҳар кимнинг қулай атроф-муҳит ва унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш белгиланган.  

Давлатнинг барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, экологик мувозанатни сақлаш, шунингдек, Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар амалга оширилади.  

Бош қомусимизда хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги, инвестицияларнинг қонуний ҳимояси тўлиқ кафолатланган. Бу – мамлакатимизда иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари, инновацион лойиҳалар ва инвестицион муҳитни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос ҳисобланади.  

Депутат сифатида ишонч билан айта оламан: Конституция – бу фақат ҳужжат эмас, балки келажак авлод олдидаги масъулиятимиз, Ватан тараққиётининг ҳуқуқий харитасидир. Унда белгилаб берилган ҳар бир қоида, ҳар бир тамойил юртимизнинг эртанги куни, аҳолимиз фаровонлиги, ёшлар имкониятлари учун хизмат қилади.  

Шу маънода 8 декабрь – нафақат байрам, балки Бош қомусимиз, унинг ҳаётимиздаги ўрни, юрт равнақи учун тутган аҳамиятига чуқур баҳо бериш, қонунларга ҳурматни янада мустаҳкамлаш кунидир. Унда ҳар бир инсоннинг қадрини улуғловчи, адолат ва қонун устуворлигини таъминловчи, иқтисодий эркинликни қўллаб-қувватловчи нормалар қатъий мустаҳкамланган.  

Шу жиҳатдан, Конституциядаги ҳар бир модда – ислоҳотлар амалга ошиши, жамият фаровонлиги ва келажак авлод тарбияси учун қўйилган ҳуқуқий пойдевордир.

Гулжан  Халмуратова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси

ЎзА