Инсон ҳуқуқлари муаммоси - бугунги кунда инсоният олдида тураётган энг долзарб муаммолардан биридир. Айнан инсон ҳуқуқларининг таъминланганлик даражаси билан давлатнинг демократик ривожланганлик даражаси ўлчанади, инсон ҳуқуқлари муайян бир мамлакатда демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш сиёсатининг ўзига хос барометридир.
Зеро, инсон ҳуқуқларини таъминлаш жамиятнинг барча жабҳалардаги тараққиётнинг асоси, чунки инсон ҳуқуқлари таъминланган жамиятда рақобат муҳити пайдо бўлади ҳамда ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар суръатлари жаддалашади ҳамда пировардида демократик ҳуқуқий давлат қуриш бўйича стратегик мақсадга эришилади.
Ўтган давр мобайнида Конституциямиз республика мустақиллигининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашда, барча соҳалардаги ислоҳотларни амалга оширишда ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Шу билан бир қаторда давр синовларидан муваффақиятли ўтиб, мустақиллигимизнинг ҳамда инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг чинакам кафолатига айланди.
Қомусимизда биринчи навбатда, шахс манфаати давлат манфаатидан устун ғоясига асос солинган бўлиб, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилди. Конституциямизда фуқароларнинг тенглиги, эркинлиги ва дахлсизлиги, ҳуқуқ ва эркинликларининг олий қадрият эканлиги, ҳар қандай қонунга хилоф тажовузлардан муҳофаза қилиниши, қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олинмаслиги ёки қамоқда сақланмаслиги, қийноққа солинмаслиги каби энг муҳим ва мухтасар қоидалар қатъий мустаҳкамлаб қўйилди.
Конституция ва шахс дахлсизлиги кафолатлари тўғрисида Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти педагоглар маркази мудири Зафаржон Раҳмонов батафсил маълумот беради.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/BmLQ11kinW4" title="Konstitusiya va shaxs daxlsizligi kafolati" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА