Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция ва фуқаролик жамиятининг ривожланиши
18:56 / 2020-11-30

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиниши ва рўёбга чиқарилиши билан жамият ва давлат ривожланишида янги давр бошланди. Бу янги давр Янги Ўзбекистонни барпо этилиши билан тавсифланади.

Янги Ўзбекистон тўғрисида гап кетганда биринчи навбатда жамият ва давлатнинг янгиланиши тушунилади. Сиёсий ҳокимият ўзидаги ўзгаришлар натижаси ўлароқ инсонни рози қилиш мақсадида ижтимоий ҳаётда шиддатли ўзгаришларни амалга оширмоқда. Шу билан бир қаторда давлат ҳам фуқаролик жамиятининг умуминсоний қадриятларини ўзида мужассам этиб, сифат жиҳатдан янгиланмоқда.

Унинг энг асосий моҳияти давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида таклиф этилган: “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори...” ролида мужассам бўлмоқда. Бу жамият олдига мамлакат тараққиётининг лакомотиви бўлишдек вазифа қўйилганлигини англатади.

Ислоҳотларнинг мисли кўрилмаган натижалари тўғрисида гапирилганда бундан 28 йил олдин қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг роли ҳақида қайта-қайта мулоҳаза юритиш мумкин.

Маълумки, фуқаролик жамияти тушунчаси, тарихан қадимий бўлишига қарамасдан дунё давлатларининг замонавий ривожланиш амалиёти учун янги бўлиб ҳисобланди. Шунинг учун унинг тушунчаси омма орасида кенг тарқалмаган ва кишилар онгида суст мустаҳкамланган. Фуқаролик жамияти тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам акс эттирилмаган.

Конституцияда фуқаролик жамияти тўғрисида тушунча йўқлигини рўкач қилиб, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти мавжуд эмас, деб гапириш мумкинми? Албатта, мумкин эмас.

Айтиш керакки, фуқаролик жамиятига нисбатан дунё давлатлари ичида турлича муносабат бор. Айрим давлатлар сиёсатчилари-ю, ҳуқуқшунослари ўзларида фуқаролик жамияти мавжудлиги тўғрисида бутун дунёга жар солсаларда, айрим давлатларда, масалан фуқаролик жамияти тўғрисида Конституцияда қайд этилган бўлишига қарамасдан ўзларида фуқаролик жамияти шаклланмаган, деб ҳисоблашади.

Масалан, Россия Федерацияси олимлари Россияда фуқаролик жамиятини тан олмайдилар. Айрим давлатлар, масалан, Япония Конституциясида фуқаролик жамияти тўғрисида гапирилмаган. Лекин улар жамиятида коллективизм, яъни жамоавий маданият жуда юқори даражада бўлишига қарамасдан фуқаролик жамияти тўғрисида овоза қилмайдилар.

Конституцияда фуқаролик жамияти тўғрисида қоиданинг берилмаганлиги уни танқид қилишга ҳеч ҳам асос бўла олмайди. Фуқаролик жамияти ўзига хос тузулма бўлганлиги учун унинг тушунчасини Конституцияда ифодалашни истисно этадиган ҳолатлар мавжуд, деб ҳисоблаймиз. Биринчидан, фуқаролик жамияти “жамият-давлат” муносабатларида маълум мустақилликка эга бўлгани учун тушунчасини конституцияда ифодалаш унинг мустақиллигини бўғишга қаратилган ҳолат, деб тушуниш мумкин. Иккинчидан, фуқаролик жамияти тушунчаси кўпроқ фалсафий-сиёсий маънода ишлатиладиган тушунча бўлганлиги учун уни конституциявий қатьий қоидада ифодалаш унчалик тўғри бўлмаслиги мумкин.

Шундан келиб чиқиб, фуқаролик жамияти тушунчаси Конституцияда белгиланмаган, шунинг учун Ўзбекистонда бундай жамият йўқ, деб ўйлаш жуда нотўғри бўлар эди. Бу фикрнинг нотўғрилигини исботлаш учун аввалига фуқаролик жамиятининг илмий адабиётларда берилган таърифларини кўриб чиқамиз. Уларда умуман олинган фикрларга кўра фуқаролик жамияти – расмий ҳокимият билан тенг асосларда ҳамкорлик қилувчи нодавлат ташкилотлар, бирлашмалар, муассасалар тизимидир.

Фуқоролик жамияти деганда давлатдан нисбатан мустақил бўлган аксарият ҳолда мулкий, товар-бозор, оилавий, ахлоқий ва бошқа ижтимоий муносабатларнинг жамланмаси тушунилади. Шунга ўхшаш таърифлар асосида адабиётларда фуқаролик жамиятининг белгилари ажратилиб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролик жамияти тушунчаси берилмаган, лекин унда фуқаролик жамиятини ифодаловчи белгилар етарли, дейиш мумкин. Фуқаролик жамиятининг илмий адабиётларда зикр этилган таърифлари билан Конституцияда айнан ўхшаш асосларни кўрсатиш ва изоҳлаш орқали, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятига хос бўлган белгиларни қисқача қайд қилиб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Шундай қилиб, фуқаролик жамиятининг биринчи белгиси сифатида жамият аъзоларида бозор иқтисодиёти шароитида мавжуд бўлган иқтисодий ва ижтимоий эркинликнинг мавжудлиги, уларнинг мулк ҳуқуқига боғланганлиги, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, давлат эса иқтисодий муносабатларга аралашишининг чекланганлиги кўрсатилади. Бунда давлат мулкнинг барча шаклларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини қўриқлаш, тадбиркорликка, ташаббусга, ижодга муносиб шароитлар яратиб беради.

Фуқаролик жамиятининг бу белгисига хос ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида (53-модда), “Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида”ги Қонун ва бошқа бир қанча ҳужжатларда белгиланган. Уларга кўра, жамиятимиз иқтисодий асосларини тавсифловчи асосий омили иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлиги, хусусий мулк кафолатлари қатъий қилиб белгиланган.

Фуқаролик жамиятида инсоннинг табиий, ажралмас ҳуқуқларининг тан олинганлиги ва амалда ҳаққоний таъминланганлиги, шунингдек, уларнинг кафолатланган юридик ҳимояси мавжудлиги фуқаролик жамиятининг асосий белгиларидан бири ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича қоидалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг фундаментал масаласи ҳисобланади. Конституциянинг 19 та моддаси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига тааллуқли бўлиб, унинг 43-моддасида давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши ва 44-моддасида эса ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгилаб қўйилган.

Бундан кўринадики, Конституцияда инсон ҳуқуқларини эълон қилиш ва кафолатлашда ҳеч қандай муаммо йўқ. Конституция асосида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш борасида ҳар йили ўнлаб қонунлар, Президент қарорлари ва бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилинади. Ўзбекистон 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларни тасдиқлаган ва уларда ифодаланган мажбуриятларини сидқидилдан бажариб келмоқда.

Демак, инсон ҳуқуқларини амалда бажариш борасида камчилик топиш ҳам амримаҳол. Ҳозирда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида моҳиятан янги сифатдаги ишлар амалга оширилаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Шу ўринда биргина камбағалликка қарши кураш борасида юритилаётган сиёсатни рўкач қилишимиз мумкин. Бу сиёсат мамлакатимизда биринчи марта қўлланилиб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт тарзи ва моддий жиҳатдан тенглигини таъминлашга қаратилган.

Фуқаролик жамиятини тавсифлайдиган яна бир белги – жамиятнинг ўзини ўзи бошқариши ҳисобланади. Фуқаролик жамиятида ҳар бир фуқаро ўз ишларини ўзлари ҳал этадилар, жамиятнинг асосий мақсади эса инсондир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида махсус модда бўлиб, унда белгиланган қоида Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожланишига муҳим конституциявий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Юқоридагилардан ташқари жамиятни фуқаролик деб ҳисоблаш учун унинг ривожланишига мос равишда ҳуқуқий давлат белгилари ҳам қарор топтирилган ва таъминланган бўлиши лозим. Ўзбекистон Конституциясида ҳуқуқий давлатга тегишли белгилар аниқ қилиб белгиланган. Ҳозирда Ўзбекистонда қонун устуворлиги, барчанинг қонун ва суд олдида тенглиги, унинг мустақиллиги, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва бошқа ҳуқуқий тамойилларни амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳуқуқий давлатни қуриш ишлари янги босқичга кўтарилганлигини англатади.  

Йўлдош ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Девони маъсул ходими,

юридик фанлар доктори.

ЎзА