Маълумки, куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқди. Қизғин давом этган муҳокамалар чоғида ҳар бир модда юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан кенг жамоатчилик вакиллари, депутатлар ўз муносабатларини баён қилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Шаҳноза Жолдасова Конституция лойиҳасидаги ёшлар масаласига оид нормалар тўғрисида қуйидагиларни таъкидлади:
– Ўзбекистон ёшлар мамлакати. Янгиланаётган Конституциямизда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиши Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигига яққол ишорадир.
Конституциявий ислоҳотлар жараёнида ёшлар ҳам фаол иштирок этди. «Менинг давлатим», «менинг Конституциям», деган нуқтаи назардан таклифлар беришди.Таклифларнинг 60 фоизи айнан ёшлардан келиб тушгани бунга яққол далилдир. Зеро, бугунги ёшлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, мамлакат ҳаётига, келажагига бефарқ эмас.
Ёшларнинг тақдим этган таклифлари лойиҳада ўз аксини топмоқда. Жумладан, ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши ёшларга катта мотивациядир.
Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида ёшларни қўллаб-қувватлашга оид кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ўзгарувчан хусусиятга эга. Биргина Конституция узоқ муддатли, барқарор ҳужжат ҳисобланади. Шу боис ҳам ўтган даврдаги янгилик ва енгилликларнинг Бош қомусимизда мустаҳкамланаётгани алоҳида эътиборга молик.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА