Давлат ва ижтимоий тузумнинг асосий тамойиллари ва қадриятларини белгилаб берувчи янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг сиёсий ва ҳуқуқий ҳаётида муҳим ҳодиса бўлиб, мамлакат тараққиётига янгича туртки бўлди.
Ушбу тарихий ҳужжат ҳокимият институтларини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқарувнинг демократик тамойилларини ривожлантиришга бўлган интилишини ўзида акс эттиради, давлатимиз олдига муҳим вазифаларни белгилаб беради.
Ўтган йиллар сиёсат ва қонунчиликдаги турғунлик долзарб муаммоларни ҳал қилишда тушунмовчилик ва самарасизликка олиб келиши мумкинлигини кўрсатди. Шу боис янгиланган Конституция одиллик, тенглик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш асосий ўрин эгаллайдиган замонавий давлат тизими сари муҳим қадам бўлди. Янги таҳрирдаги Конституцияни тайёрлаш кенг муҳокама ва жамоатчиликни жалб қилиш орқали амалга оширилди. Ўзбекистон халқи қонун ижодкорлиги жараёнининг фаол иштирокчиси бўлди, бу эса кенг қонунийликни таъминлаш ва янги ҳуқуқий тартибни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янгилаш жараёнида унинг асосий қоидалари ҳар томонлама таҳлил қилинди ва қайта ўрганилди. Бу эса ҳужжатни янада замонавийлаштирди, фуқароларнинг манфаатларига мослаштирилди. Айни дамда демократияни мустаҳкамлаш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга урғу берилди.
Фуқаролик бирлашмалари ва жамғармалар, сиёсий партиялар, нотижорат ташкилотлар каби фуқаролик жамияти институтларининг фаол роли демократик тараққиёт сари қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди. Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида жамоатчилик сиёсатини шакллантириш ва давлат органлари фаолияти устидан назоратни амалга оширишда уларнинг иштироки белгиланган. Янгиланишларнинг бу жиҳати адолатли ва ривожланган жамиятни барпо этишга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг янги Конституцияси инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига устувор аҳамият берган, уларни асосий қадрият деб эътироф этган ҳолда, жинси, ижтимоий келиб чиқиши ёки динидан қатъи назар, барчанинг қонун олдида тенглигини алоҳида таъкидлайди. Масалан: Конституциянинг 34-моддасида давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт”, – дейилади.
Мамлакатимизда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ахборот соҳасининг фаол трансформацияланиши кузатилмоқда. Бундай ёндашув одиллик ва инклюзивлик тамойилини мустаҳкамлайди, жамиятни янада очиқ ва демократлаштиради. Сўз эркинлигининг мустаҳкамланиши, этник, диний ва ижтимоий озчиликнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмининг кучайтирилиши ҳамда жамоатчилик ташкилотларининг бу жараёнда фаол иштирок этишида муҳим қадам бўлди. Янгиланган Конституция бугунги чақириқлар ва жамиятнинг янги талабларини ҳисобга олибгина қолмай, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун ижтимоий-иқтисодий истиқболларни яратишга хизмат қиладиган меъёрларни ҳам белгилайди.
Шунингдек, оилалар ва болаларга ғамхўрлик қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва уй-жой масалалари бўйича уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим жиҳатлардан биридир. Хусусан, ёшларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз салоҳиятини тўла рўёбга чиқариши учун муносиб ижтимоий-иқтисодий шароитлар яратилгани, шунингдек, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар кутилаётган самаралар бераётганини дунёнинг ривожланган мамлакатлари тажрибаси тасдиқлайди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 79-моддасида давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши белгиланган. Шунга ўхшаш қоидалар Венгрия, Италия, Польша ва бошқа кўплаб хорижий мамлакатларнинг конституцияларида мавжуд. Мазкур стандартлар БМТнинг 2030 йилгача бўлган ёшлар стратегияси, Ёшлар бўйича Бутунжаҳон ҳаракатлар дастури ва Ўзбекистонда 2025 йилгача ёшларга оид давлат сиёсатини ривожлантириш концепциясига ҳам мос келади. Бу қадамлар ҳар бир фуқаро ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун қулай ижтимоий муҳит яратишга қаратилган.
Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси барқарор иқтисодий ўсиш, тадбиркорликни рағбатлантириш учун ишончли асосларни яратади ва келгуси ривожланиш босқичида стратегик устувор йўналишларни белгилаб беради. Асосий мақсад – мамлакатимизнинг инновациялар, технологик тараққиёт ва юқори даражадаги рақобатбардошликка асосланган глобал иқтисодий тизимга интеграциялашувидир. Глобал ташқи сиёсий чақириқлар шароитида Ўзбекистон бошқа мамлакатлар билан ўзаро ҳурмат ва тушунишга асосланган ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга интилади.
Ўзбекистон ҳамкорлик, билим, технологиялар ва тажриба алмашиш учун қулай муҳит яратишга ҳисса қўшган ҳолда, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларда фаол иштирок этиб келмоқда. Давлатимиз Конституцияда мустаҳкамланган тамойилларга риоя қилган ҳолда, ўз халқининг ҳаёт даражасини яхшилашга, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Абдуазиз ХИДИРОВ, ЎзА мухбири