8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Конституциявий меъёрлар ва тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг шахсий, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тўлиқ таъминлаш, давлат бошқарувини амалга ошириш ҳамда ислоҳ қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилди.
Бундан 29 йил олдин, яъни 1992 йил 8 декабрда ҳаётимизнинг қомуси бўлмиш тарихий ҳужжат - мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.
Конституция - ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти, бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Конституция - лотинча “Constitution” – «тузилиш», «тузук» сўзларидан олинган бўлиб, давлатнинг Асосий қонуни деган маънони билдиради.
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунасидир.
Дарҳақиқат, Конституция тарихан синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжат бўлиб, халқимизнинг орзу-умидларини акс эттиргани билан қадрлидир.
Асосий қонунимиз энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларини, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасини, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини ўзида мужассам этган. Қомусимиз мустақилликни мустаҳкамлаш, ҳар томонлама тараққий этган эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг мукаммал дастуриламали бўлиб хизмат қилмоқда.
Конституцияда белгиланган устувор ғояларни рўёбга чиқариш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари давлатимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осуда ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати, юртимизда бозор муносабатлари ҳамда хусусий мулк устуворлигига асосланган демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Жонажон Ватанимизнинг Бош қомуси бўлган Конституцияни ўрганиш ва унга чуқур ҳурмат билан қараш ҳар биримизнинг юксак фуқаролик бурчимиздир.
Бунёд Азизов,
Адлия вазирлиги масъул ходими.