Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция – суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси
14:39 / 2021-05-17

Ҳеч биримизга сир эмас ёки баландпарвоз гаплар эмаски, охирги йилларда юртимизда барча жабҳаларда бўлгани сингари суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилгани ва бу борадаги ўзгаришлар, янгиланишлар изчил давом этаётгани айни ҳақиқат.

Бу жараёнда эса, албатта, Асосий қонунимиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Очиқ айтиш керак, бугун мазкур ислоҳотлар бошида турган Давлат раҳбари томонидан айнан конституциямиз нормаларининг ҳаётда қўлланилиши таъминланмоқда.

Конституциянинг 2-моддасидаёқ давлат халқ иродасини ифода этиши ҳамда унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгиланган бўлиб, ушбу конституциявий норманинг бугун ҳар бир давлат органи ва мансабдор шахснинг кунлик вазифага ҳамда унинг фаолиятини баҳоловчи асосий омилга айлангани фикримизни тасдиқлайди.

Конституциянинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши, 19-моддада эса Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқ эканлиги, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз бўлиб, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги белгилангани бежизга эмас.

Шу ўринда таъкидлашни истардимки, судлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоясини таъминловчи, одил судловни амалга ошириш орқали адолатни қарор топтирувчи мустақил давлат ҳокимияти саналади.

Ва, албатта, охирги йилларда судларнинг амалдаги чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан салмоқли ишлар амалга оширилаётгани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани алоҳида эътиборга лойиқдир.

Содда қилиб айтганда, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бирига айланди ва бу ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Хусусан, Олий ва Олий хўжалик судлари бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

Мустақил орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилди ва бу билан судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизими жорий этилди.

Судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилиши ҳам суд ҳокимиятининг ва судьяларнинг нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўз навбатида, жиноят, жиноят-процессуал ва фуқаролик-процессуал иш юритувида суд муҳокамасини ўз вақтида ва адолатли ўтказиш, жазонинг адолатлилиги ва инсонийлиги кафолатларини кучайтиришни назарда тутувчи одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.

Вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялар бекор қилинди.

Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддат уч йилдан бир йилга қисқартирилди.

Жиноят кодекси жазо тизимидаги қамоқ тарзидаги жазо тури бекор қилиниб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган мажбурий жамоат ишлари жазо тури жорий этилди. Жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилди. Қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди.

Прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилди. Судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, судларнинг жиноят процессидаги ролини ошириш мақсадида суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди.

Далилларни сохталаштирганлик (қалбакилаштирганлик) учун жиноий жавобгарлик белгиланди, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Қонунга хилоф усуллар орқали олинган далиллардан, шу жумладан номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланди. Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокурор ёки суд томонидан зудлик билан мажбурий текширилиши лозим бўлган тартиб белгиланди.

Судларда жиноят ишлари бўйича очиқ муҳокама принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш тақиқланиб, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Ушланган шахсларнинг қамоққа олиш тарзидаги сиртдан қабул қилинган эҳтиёт чораси устидан суд тартибида шикоят қилиш, ҳимоячиларни далилларни тўплаш ва тақдим этишга бўлган ҳуқуқлари кенгайтирилди.

Охирги бир йил давомида ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга алоҳида урғу берилди.

Чунончи, Президентнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар 2021 йилда ҳам изчил давом эттирилиши белгиланди ҳамда «Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди» деб бежизга айтилмади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармони билан 2021 йилдан бошлаб жорий этилган «бир суд – бир инстанция» тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Фармонга кўра, суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилди.

Жумладан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилди.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.

Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилди.

Бундан ташқари, «Бир суд – бир инстанция» тамойили бўйича суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари томонидан суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш белгиланди.

Хулоса ўрнида айтганда, Конституциямиз юртимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори саналади. Унинг асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар эса, том маънода, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.

Малика ЗАКИРОВА,
Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси