Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция — стратегик ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдевори
11:25 / 2023-11-30

Бу йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан айни кунларда ташкилот ва идораларда, муассасаларда байрам тадбирлари, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Божхона институти курсантлари иштирокида ўтказилган “Янги таҳрирдаги Конституция — стратегик ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдевори” мавзусидаги давра суҳбати ҳам Бош қомусимизнинг 31 йиллигига бағишланди.  

Тадбирда Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов маъруза қилиб, жорий йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингани, унда кўплаб янги нормалар акс этганини таъкидлади.  

Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди. Ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.  

Шунингдек, давра суҳбатида Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганига эътибор қаратилди. Соҳада бир қатор амалий чора-тадбирлар йўлга қўйилаётгани таъкидланди. Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг стандартлари ва тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш мақсадида божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари назорати фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, “қоғозсиз ва электрон божхона” тизимининг мантиқий давоми ва ривожи бўлган “рақамли божхона” тизимини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.    

Давра суҳбатида Божхона институти тингловчилари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Конституциявий ислоҳотларнинг ёшлар ҳаётидаги аҳамияти ҳақида тўхталди. Шунингдек, Қонунчилик палатасининг фаолияти билан танишди.    

 

М.Комилова,  

ЎзА