Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Конституция — ранглар жилосида”
14:46 / 2025-09-24

Бош қомусимиз қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, демократик қадриятларни ҳаётга татбиқ этишнинг асосий манбаидир. Конституциямиз қабул қилинган сана давлатчилигимиз тарихидаги муҳим сиёсий-ҳуқуқий воқелик. Ҳар йили мазкур сана муносабати билан турли маънавий-маърифий тадбирлар, тарғибот ишлари ташкил этилади. Аҳоли, айниқса, ёшлар онгида Конституциямизга ҳурмат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг конституциявий билимларини кенгайтиришга эътибор қаратилади.

“Адолат” СДП ташаббуси билан ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ва уларни фуқаролик масъулияти руҳида тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ишлар доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудида “Конституция — ранглар жилосида” мавзусида кўрик-танлов ташкил этилмоқда. Айни кунларда ушбу расмлар танловининг туман-шаҳар босқичлари ўтказилмоқда.

Танловлар доирасида ёшлар билан учрашувлар ўтказилиб, Конституциянинг демократик моҳияти, унда акс этган инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик бурчлари ҳақида тушунчалар берилди.  

Кўрик-танловда иштирок этаётган ўқувчилар ижодий ишларини тайёрлаш жараёнида туйғуларини, сиёсий-ҳуқуқий қарашларини ранг ва образларда ифода этишга ҳаракат қилмоқда. Ўқувчи-ёшларнинг асарларида тинчлик рамзи, юртга садоқат, адолат ва инсонпарварлик туйғулари ҳамда Конституциямизда мужассам ғоялар ўз аксини топди.  

Туман ва шаҳар босқичларида ёшларнинг энг намунали, сара ишлари алоҳида эътироф этилиб, кейинги босқичга йўналтирилмоқда. Бу каби тадбирлар ёш авлод тафаккурини ривожлантириш, уларнинг онгида фуқаролик масъулияти ва бурчларини янада кучайтиришга хизмат қилади.  

М.Комилова,

ЎзА