Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция: Қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлади
10:14 / 2023-03-23

Адлия идоралари ходимлари конституциявий ислоҳотлар юзасидан тадбирларни давом эттирмоқда.

Шундай тадбирларнинг навбатдагиси Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани “Фаровон”, “Жалоб тепа”, “Қорасув”, “Маърифат” ва Аҳмад Яссавий маҳалла фуқаролар йиғинларида  бўлиб ўтди.  

Тадбирда мутахассислар томонидан янгиланаётган Конституцияда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги белгиланаётгани қайд этилди.  

Мазкур кафолатнинг белгиланиши маҳаллаларга ўз ҳудудини мустақил бошқариш, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб давлат билан шериклик асосида муаммоларни ҳал этиб бориш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга муҳим имкониятларни тақдим этади.  

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баравардан ортиққа оширилди.    

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланяпти. Бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.  

Бинобарин, қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларининг олди олинади.  

Конституцияда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги мустаҳкамланмоқда.  

Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмаслиги қайд этиляптики, ушбу норма одамлар ҳаётини янада енгиллаштиради.  

 

ЎзА