Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига биноан юртимиз бўйлаб “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган тадбирлар давом этмоқда.
Бош қомусимизнинг 33 йиллигига бағишланган “Конституция ойлиги” муносабати билан Сенатда ўтказилган “Очиқ эшиклар куни”да Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, маҳаллий кенгаш депутатлари, маҳалла раислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида Сенатнинг конституциявий ваколатлари, қонун ижодкорлиги жараёни, қонунларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш тартиби тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Иштирокчилар Сенат биносидаги ялпи мажлислар зали, қўмита мажлислари хоналари, кутубхона, музей, медиа-марказ фаолияти ва иш жараёни билан танишди.
Сенаторлар томонидан Конституцияда белгиланган асосий тамойиллар, миллий қонунчиликни такомиллаштириш йўналишлари, парламент фаолиятининг ҳуқуқий асослари бўйича маърузалар тақдим этилди.

Мулоқот жараёнида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга сенатор ва мутахассислардан жавоб олди.
“Очиқ эшиклар куни” ҳуқуқшунослар, ёшлар ва жамоатчилик учун Сенат фаолиятини ўрганиш, давлат бошқаруви ва қонун ижодкорлиги жараёнлари билан яқиндан танишиш имконини берди.
Н.Абдураимова, ЎзА