Гулистон давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги арафасида талабалар ўртасида “Конституция билимдонлари” олимпиадаси ўтказилди.
Қонун устуворлигини таъминлаш, ёшларда ҳуқуқий маданиятни ошириш ва Асосий қонунимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган мазкур танлов бу сафар ҳам қизғин ва қизиқарли баҳс-мунозаралар руҳида ўтди.
Олимпиадада турли факультет ва йўналишлардан кўплаб талабалар иштирок этиб, ўз билимларини синовдан ўтказишди. Таълим жараёнида эгалланган назарий билимлар билан бир қаторда ҳаётий мисоллар орқали ҳуқуқий ёндашувни намойиш этиш ҳам муҳим мезон сифатида баҳоланди.

Белгиланган топшириқлар ва савол-жавоб босқичларида Нодирбек Ғойибназаров мусобақа ғолиблигини қўлга киритган бўлса, 2- ва 3-ўринларни эса Озодбек Худойқулов ҳамда Диёрбек Эргашевлар эгаллашди.

Айниқса, “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” йўналиши талабаларининг фаол иштирок этгани ва учала фахрли ўринни ҳам эгаллаши уларнинг мутахассисликка бўлган жиддий муносабатини, ҳуқуқий билимларга бўлган қизиқиш ва масъулиятларини яққол кўрсатди.
Ғолибларга институт раҳбарияти томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА