Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги – бу нафақат тантанали сана, балки мамлакатимизнинг ҳуқуқий давлат сифатидаги ютуқларини қайта англаш ва кейинги қадамларни белгилаш имкониятидир.
Конституциямизнинг «халқ конституцияси» деб аталиши ҳақли. Унинг яратилиши жараёнида 5 миллиондан ортиқ юртдошимиз лойиҳа билан танишгани, 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани, шунингдек, умумхалқ референдумида иштирок этган фуқароларнинг 90 фоиздан зиёди янги таҳрирдаги Конституцияни қўллаб овоз бергани бунинг ёрқин далилидир. Бу фаоллик халқимизнинг ўз келажагига, мустақил Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси юксак даражада эканини намоён этади. Асосий қонунимиз ҳақиқатан ҳам халқ иродасини ифодалашини яна бир бор тасдиқлайди.
Конституциянинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида эътироф этилган. «Инсон–жамият–давлат» тамойилининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши натижасида давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий қиёфаси тубдан ўзгарди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари қонунларимиз ҳамда ҳар бир давлат органи фаолиятининг асосий мазмунига айланди.
Янгиланган Конституциянинг муҳим ютуқларидан бири – фуқаролик жамияти институтларига конституциявий мақом берилиши бўлди. ХIII бобнинг номи «Жамоат бирлашмалари»дан «Фуқаролик жамияти институтлари»га ўзгартирилди. Бу ўзгариш шаклий эмас, балки мазмунан жуда муҳим қадамдир.
Асосий қонунга мувофиқ, фуқаролик жамияти институтлари – жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари жамиятнинг асосини ташкил этади. Давлат уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, жамият ҳаётида иштирок этишлари учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратади.
Сўнгги беш йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари сони сезиларли даражада ошди. Республика бўйича 200 га яқин йирик ННТ фаолият юритмоқда. Вазирлар Маҳкамасига фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш вазифаси юклатилди. Шунингдек, уларга давлат бюджети шаклланиши ва ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколати берилди.
Конституциянинг 65-моддаси иқтисодиёт соҳасидаги муҳим тамойилларни белгилайди. Унга кўра, фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган миллий иқтисодиётнинг негизини хилма-хил мулк шакллари ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини устувор ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.
Ушбу конституциявий нормалар асосида мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллашмоқда. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бу борада алоҳида ўрин тутади. Федерация истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, бозор иқтисодиётида адолатли ва ҳалол рақобат муҳитини яратишда муҳим роль ўйнамоқда. Унинг фаолияти қонунчиликнинг амалда қўлланишини таъминлаш, ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак кўрсатиш, сифатсиз маҳсулот ва хизматларга қарши курашишда катта аҳамиятга эга.
Конституцияда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ННТлар фаолиятига аралашишига, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмаслиги Асосий қонун даражасида мустаҳкамланди. Бу норма давлат ва фуқаролик жамияти муносабатларининг мувозанатли ва ўзаро ҳурматга асосланганини кўрсатади.
Конституциямизнинг яна бир муҳим жиҳати – унинг демократик тамойилларга асосланганидир. Давлат ҳокимияти тармоқларининг ажралиши, бир-бирини тийиб-мувозанатлаш механизми, сайлов тизимининг очиқлиги ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб қўйилган.
Парламентаризмни кучайтириш йўлида муҳим қадамлар қўйилди. Қонунчилик палатаси ва Сенат ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилди, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланди.
Конституцияда тадбиркорлар ва инвесторлар ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган. Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши, бозор муносабатларини ривожлантириши ва ҳалол рақобат учун шароит яратиши қайд этилган. Бу норманинг амалда қўлланиши истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга, сифатли маҳсулот ва хизматлар бозорини шакллантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида эътироф этилди. Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўради. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, таълим олиш ҳуқуқи ва меҳнат ҳуқуқи конституциявий даражада кафолатланган.
Янгиланган Конституциямиз халқимиз иродаси, озод ва фаровон ҳаёт сари интилишимиз рамзи бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида асосий дастуруламал сифатида хизмат қилаверади. Инсонни қадрлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш Конституциямизнинг асосий ғояси ва мақсадидир.
Жаҳонгир Саримсоқов,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш жамиятлари федерацияси раиси.