Конституциянинг муқаддимаси унинг кириш қисми бўлиб, у Бош қомус қабул қилишдан кўзланган мақсадни ифодалайдиган, унинг асосий қисмида кенг очиб бериладиган конституциявий тузум белгилари ва йўналишлари мазмуни умумлашган ҳолда акс этадиган муҳим қисмдир.
Унинг аҳамияти Конституция қабул қилинишининг заруратини эълон қилиш орқали, шу давргача халқнинг босиб ўтган йўли, тараққиётининг босқичларини тавсифловчи хусусиятларини қамраб олиб ҳамда давлатнинг моҳияти ва бош вазифаларини ўзида ифода қилишида намоён бўлади.
Шу боис ҳам унинг матни мазмунан мафкуравий, ғоявий ва сиёсий жиҳатдан йўналтирилган бўлиши табиий. Муқаддима (лотинча preambulus – пешқадам, илк, муқаддам маъноларини англатади) – бирон-бир жуда муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши сабабларини ифодаловчи кириш қисм ҳисобланади. У лойиҳанинг бошланишида жойлашади. Муқаддима унинг мазмунини мантиқий ривожлантирувчи бир нечта хатбошидан иборат бўлади.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг кириш қисми – муқаддимасида Ўзбекистон халқини ташкил этувчи барча инсонлар номидан ваколатли орган бўлган парламент – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг депутатлари томонидан мазкур Конституциянинг қабул қилингани эълон қилинган. Ушбу муқаддимада Ўзбекистон халқининг мустақил тараққиёт йўли энг муҳим саккизта сиёсий-ҳуқуқий ғоя ва принципларга, миллий қадриятларга таяниши аниқ кўрсатиб берилган.
Жорий йилнинг 25 июнь куни матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори мамлакатимизни янгилаш ва унинг ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳозир ушбу лойиҳа юзасидан умумхалқ муҳокамаси амалга оширилмоқда.
Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича тузилган Конституциявий комиссияга турли соҳа вакилларидан минглаб таклифлар келиб тушмоқда. Умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган лойиҳада жами 128 та модданинг тенг ярмига 200 дан ортиқ ўзгартириш киритишни назарда тутади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда. Улар орасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ривожи, давлат бошқарувини такомиллаштиришга оид жуда муҳим янгиликлар борлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Эътибор қаратишимиз лозим бўлган муҳим жиҳат бу – қонун лойиҳасидаги Конституция муқаддимасининг мазмундорлиги ва ўзига хослигидир. Амалдаги Конституциямизнинг муқаддимасида устуворлик қисқаликка берилган десак муболаға бўлмайди. Чунки ундаги айрим ғояларни махсус шарҳламасак ёки Конституциянинг бошқа нормаларига мурожаат қилмасак, уни тушуниш имконияти чекланган. Шу боис таклиф қилинган лойиҳада муқаддиманинг ҳажми кенгайтирилиб, мазмунан бойитилган.
Бундан ташқари, лойиҳада янги “инсоннинг қадр-қиммати”, “фуқаролик жамияти”, “ижтимоий ва дунёвий давлат”, “маънавий тараққиёт”, “атроф-муҳит мусаффолиги”, “тинчлик ва дўстона муносабатлар”, “конфессиялараро тотувлик ҳамда бағрикенглик” каби бунёдкор ғояларнинг акс этгани ҳар бир фуқаронинг дилидаги истакларни ифода этади.
Лойиҳа мазмунини миқдорий таҳлил қилганимизда, амалдаги муқаддима қисмида ўн учта ғоя берилган бўлса, лойиҳада элликдан ортиқ ғоя мужассам этилганини кўриш мумкин.
Ушбу ғояларни акс эттиришдан мақсад нима?
Мақсад шундан иборатки, шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда муҳим ўрин эгаллайдиган қадрият ва тушунчаларни конституциявий даражада тўлароқ акс эттириш. Бунинг натижасида учта субъект (шахс, жамият ва давлат)нинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлароқ ифода этилади. Соддароқ қилиб айтганда, янги мақсадлар белгилаб олинади, улуғвор вазифалар белгиланади, конституциявий қадриятлар кўлами кенгаяди.
Эътиборлиси, амалдаги муқаддимадаги тўққизта хатбошига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, улар янги мазмун билан бойитилди. Шундан иккитаси, тўлиқ таҳрир этилди. Янгича мазмунга эга бўлган тўртта мутлақо янги хатбоши киритилиб, уларнинг жами сони ўн биттага етказилди. Шунингдек, амалдаги муқаддимада акс этган энг илғор ва демократик ғоялар тўлиқ сақлаб қолинди.
Мисол сифатида айтиш мумкинки, муқаддима “Ўзбекистоннинг ягона халқи” тушунчаси билан бошланади. Амалдаги таҳрирда ушбу бирикма “Ўзбекистон халқи”, деб бошланади. Таклиф этилган таҳрирда халқимизнинг ягона ва бўлинмаслигига урғу берилмоқда.
Яна бир мисол. Амалдаги “ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда” деб берилган таҳрирдан “ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, фаровонлиги ҳамда манфаатлари тўғрисида ғамхўрлик қиладиган, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ҳамда мустаҳкамлаш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда” деб белгилаш таклиф этилмоқда. Мазкур норманинг ўзи инсонни улуғлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда давлатнинг ижтимоий моҳиятини мазмунан “ижтимоий ва дунёвий” тушунчалар билан бойитмоқда.
Таклиф этилган лойиҳада “очиқ, адолатли ва баркамол фуқаролик жамиятига интилиб”, “мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини, ёшларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, шу мақсадда таълим, илм-фан, маданият ва маънавият тараққиётини таъминлашга интилиб”, “бизгача етиб келган табиий, маданий, моддий ва маънавий қимматликларни ҳамда бойликларни кўпайтиришга ва муҳофаза қилишга, атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил бел боғлаб” каби мутлақо янги бўлган ибораларни кўриш мумкин.
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти ва энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик ва ҳурмат қилиш, тинчлик ва тотувлик асосидаги уйғун, дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга ҳамда ривожлантиришга интилиб, мазкур Конституциясини қабул қилинишига эътибор қаратилди.
Шунингдек, қолган хатбошилар мазмунида ҳам янги ғоялар ифода этилмоқда. Масалан, илк бор “миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни ҳамда бағрикенгликни таъминлаш” мақсади акс эттирилди. Ушбу ғоянинг нақадар аҳамиятли эканини бугун ҳаммамиз яхши англаймиз.
Юқорида берилган ҳар бир ғояни узоқ шарҳлаш мумкин. Чунки уларнинг ҳар бири барчамизнинг ҳаётимизда беқиёс аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Конституциясининг такомиллашуви Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворига асос солиш борасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг ишончли асоси бўлиши шубҳасиз.
Унинг муқаддимасида берилган ғоялар халқимизнинг азалий орзуларини акс эттиради. Шу боис уни тушунишимиз ва ҳаётимизда ҳис қилишимиз алоҳида долзарблик касб этади. Пировардида, жамият ушбу ғоялар орқали халқпарвар давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш томон интилади.
Хушвақт ҲАЙИТОВ,
юридик фанлар доктори, профессор
ЎзА