Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилиниб, конституциявий қонун 2023 йилнинг 1 май санасидан кучга кирди.
Жараёнларнинг энг бошидан халқ фикри, хоҳиш-истагига таянилгани катта аҳамиятга эга. Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ишлари қарийб бир йил давом этган бўлса, шу вақт ичида юртдошларимиз бунга бефарқ бўлмади, ўз фаоллигини намоён этди. Шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон лойиҳа бўйича ўз муносабати, фикр ва таклифларини бериши учун кенг майдон яратилди. Таклифлар эса шунчаки қабул қилинмади, балки аксарияти инобатга олиниб, қонун лойиҳасига киритилди.
Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган бўлса, уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олиб, Конституция 65 фоизга янгиланди ва янгиланган Бош қомусимиз халқ Конституциясига айланди. Айниқса, халқ ҳокимиятини кучайтириш, парламентнинг роли ва масъулиятини ошириш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш каби қатор нормалар киритилгани айни муддао бўлди.
Ниҳоят, референдум санаси келиб, хориж давлатлари ҳам жараённи кузатиб борди. Айтиш лозимки, мамлакатимизда очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги ишлар кенгайиб бормоқда. Буни референдум ўтказиш чоғида ҳам кўрдик, ҳатто, ушбу жиҳат халқаро кузатувчилар томонидан эътироф этилди.
Биргина Жиззах шаҳри мисолида оладиган бўлсак, референдум участкаларида кечаётган жараёнлар билан танишиш асносида тожикистонлик халқаро кузатувчилар Виктор Ким ва Рустам Ҳайдаров яратилган шароитларни юксак баҳолади. Улар ривожланишни мақсад қилган ҳар қандай мамлакат инсонларнинг эркин ва фаровон ҳаётини кафолатлайдиган Конституцияни қабул қилмоғи лозимлиги, Ўзбекистон бу йўлда дадил қадам ташлаётганлигини эътироф этди.
Референдум давомида хорижлик кузатувчилар томонидан жараёнга холис баҳо берилади, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар айтилиб, жараён якуни бўйича хулоса ва таклифлар тақдим этилади. Келгуси сиёсий тадбирларни амалга оширишда ушбу хулоса ва таклифлар муҳим ҳисобланади.
Шунингдек, халқаро кузатувчиларнинг фикрлари референдумнинг қонунийлиги халқаро миқёсда тан олинишига ва давлатнинг имиджига таъсир этади. Бугунги кунда сиёсий жараёнларни кузатиш ва мониторинг ишларини олиб бориш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши, Европа Иттифоқи, Туркий давлатлар ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА), Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) каби кўплаб хорижий институтлар мавжуд. Юртимизда ташкил этилган референдум эса дунё талаблари асосида ўтказилганини хорижлик кузатувчилар ҳам тасдиқлади.
Ҳеч шубҳасиз бу катта ва масъулиятли жараён, халқ овозининг ифодаси эканини ҳар биримиз ҳис этиб турибмиз. Фуқаролар ўз келажаги, янада фаровон ҳаёти учун овоз берди. Зеро, янги Конституцияда аҳолини қийнаб келаётган долзарб масалалалар, муаммоларга аниқ ечимлар киритилган. Улардан бири аҳоли бандлиги ва бунда гендер тенгликни таъминлаш билан боғлиқ.
Тан олишимиз керак, бугунгача хотин-қизларни айрим ташкилотларга ишга қабул қилишда “ёзилмаган қоидалар” тўсқинлик қилар эди. Эндиликда, бундай ҳолатларга чек қўйилади. Жумладан, Янги Конституциянинг 42-моддасида: “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш таъқиқланади”, деб белгилаб қўйилди. Бу жамиятимизда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, ҳар бир шахс энг кам иш ҳақи олганда ҳам муносиб ҳаёт кечириши ва энг асосийси, меҳнат шароити талаб даражасида бўлган ҳолатда ишлашини таъминлаши шубҳасиз.
Янгидан қабул қилинган Конституциямизнинг 43-моддасида эса “Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўради. Давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради” дейилган. Бу ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояси янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Хўш, янги қабул қилинган Конституциядан нималар кутиляпти?
Олий таълим соҳасида фаолият юритганим боис, мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаёган ҳеч бир ислоҳот мени бефарқ қолдирмайди. Шунинг учун янги Конституциядаги таълим, илм-фан йўналиши, меҳнат муносабатларига доир киритилган ўзгаришлардан, айниқса, қувондим. Улар жамоатчилик учун ҳам кутилган янгиликлардан бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”, деган таъкиди бугунги замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмаслигини яққол намоён этади. Зеро, дунёнинг энг етакчи давлатлари ҳам мамлакатнинг келгуси равнақига таълимни ривожлантириш орқалигина эришиш мумкинлигини инкор этмаяпти.
Бугун юртимизда истиқболли таълим технологиялари, янги ахборот-коммуникация воситалари, инновацион педагогик ечимлар ва ижтимоий технологиялардан кенг фойдаланиш талаби ортмоқда. Ўз навбатида, олий таълим муассасасаларига яратилаётган шароит ва имкониятлар, қўйилаётган талаблар ҳам кўпайиб боряпти. Чунки таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш каби йўналишларда иш олиб бориш таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади. Ушбу жараёнда эса таълим олиш, ўқитувчи нуфузи, илм-фан, бадиий ижод эркинлигининг таъминланиши мақсадга мувофиқдир.
Олий таълим муассасалари ҳақида гап кетганда, Президентимизнинг “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига тўхталмасликнинг имкони йўқ. Боиси, қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб 35 та етакчи давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилди. Бу мамлакатимиз таълим тизимида кутилмаган янгилик бўлди. Янги Конституциянинг 51-моддасида ҳам олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эгалиги алоҳида таъкидланган. Бу жиҳат келгусида олий таълим равнақини таъминлаш, фуқароларнинг олий маълумот олишга имконияти кенгайишининг ёрқин намунасидир.
Конституциямизнинг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, дея мустаҳкамланиши жамиятимизда ҳам шарафли, ҳам машаққатли касб эгаларининг меҳнатига муносиб баҳо берилишининг ёрқин исботи, десам муболаға бўлмайди.
Ўқитувчиларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш, уларга жисмоний шикаст етказиш ҳолатлари урчиб тургани бор ҳақиқат. Бу эса ўсиб келаётган ёш авлод онгида салбий дунёқарашнинг шаклланишига, илк сабоқларни ўргатган устозга нисбатан беписандлик билан қарашга тутрки бўлаётгани ҳам бор гап. Эндиликда, Бош Қомусимизда ўқитувчилар алоҳида эътироф этилгани жамиятимизда бу ҳолатларнинг олдини олади.
Ушбу моддаларнинг киритилиши, ўз навбатида, ҳар бир таълим соҳаси ходими – педагогларга фахр-ифтихор бағишлаган бўлса ажаб эмас. Чунки устозлар ҳуқуқ соҳаси вакили бўлмаган, лекин олий қонунда алоҳида тилга олинган ягона касб эгаларига айланди.
Яна бир масала – муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш. Айниқса, илм-фан, замонавий технологиялар ривожланиб бораётган ҳозирги даврда бу янада долзарблик касб этади. Масалан, Жиззах политехника институти профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари томонидан кўплаб техник ишланмалар, ихтиролар яратилган. Уларнинг айримлари амалиётга татбиқ этилиб, патент олинган, муаллифлик ҳуқуқи берилган. Аммо амалда бу борада кўплаб муаммолар юзага келиб туради. Айниқса, охирги йилларда жамиятимизда муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари кўпайгани ҳам аниқ ечимларни тақозо этаётган эди.
Авваллари техниканинг мураккаблиги, жараённинг машаққатлилиги ҳамда олинган нусханинг таннархи анча қимматга тушиши туфайли муаллифлар ва қонуний ишлаб чиқарувчилар ҳуқуқларининг бузилиши деярли кузатилмас эди. Бугунга келиб эса замонавий технологияларнинг ривожланиши маълумотларни кўпайтириш ва тарқатиш жараёнини ўта осон ва арзон ишга айлантириб қўйди. Гарчанд, Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида” ги қонунида ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатларга таъриф берилиб, жазо қўлланилган бўлсада, соҳада камчиликлар ҳамон мавжуд эди.
Янги Конституциямизнинг 53-моддасида интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши мустаҳкамлангани эса турган гапки, ушбу камчиликларни бартараф этади. Шунингдек, давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилиши ҳам алоҳида таъкидланган. Демак, янги нормалар барча соҳаларни тараққий эттиришга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, янгиланган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиши баробарида, жамиятни тараққий эттиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилади.
Унинг ишлаб чиқилиб, қабул қилинишида ёшларнинг фаол иштирок этгани кишини янада қувонтиради. Бу ёшлар мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳиссини туйган экан, келажакда Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўша олишларига асло шубҳа йўқ.
Алишер Усмонқулов,
Марказий сайлов комиссияси аъзоси,
Жиззах политехника институти ректори,
техника фанлари доктори, профессор
ЎзА