Ёш авлодни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш, уларда спортга муҳаббат уйғотиш ҳамда ота-оналар иштирокини кучайтириш мақсадида Бўстонлиқ туманида спорт тадбири ўтказилди.
6-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳудуди бир кунда турли спорт турлари ва мусобақа шавқи билан тўлди. Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда “Баркамол авлод” ММТТ ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир “8-декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни”га бағишланди.

Тадбирда 130 нафар ўқувчи,12 нафар ота-оналар жамоаси иштирок этди.
Ота-оналарнинг фарзандлари билан бир сафда спортга қадам қўйгани тадбирнинг аҳамиятини янада оширди.

Ҳар бир йўналишда ўқувчилар ўз кучини, сабр-тоқатини, жамоавий ишлаш қобилиятини намойиш эта олишди. Айниқса, гимнастика ва стритбол баҳслари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир ташкилотчилик ишларида ЎзДЖТСУнинг 1-босқич магистрантлари фаол иштирок этдилар. Улар мусобақа сценарийсидан тортиб ҳакамликкача бўлган жараёнларда масъулиятли ва ташаббускорлиги билан ажралиб турди. Бу уларнинг келгусидаги касбий фаолияти учун муҳим тажриба майдони бўлди.

Спорт майдонида юқори натижа кўрсатган ғолиб ва совриндорлар университетнинг Спорт клуби, Ёшлар билан ишлаш бўлими ва ҳомийлар томонидан дипломлар, медаллар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА