Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Конституция кўчаси”да байрам шукуҳи
10:12 / 2023-12-06

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Конституция кунини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида жойларда ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар самарали ташкил этилмоқда.  

Тошкент шаҳрининг “Сайилгоҳ” кўчасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами муносабати билан Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Конституция кўчаси” ташкил қилинди.  

Адлия вазири Акбар Тошқулов юртдошларимизни байрам билан табриклар экан, янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистонда жамиятнинг эволюцион ривожланишидан келиб чиққан ҳаётий зарурат эканини қайд этди. Бу мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларни аниқлаб олиш учун ғоят аҳамиятли, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам бўлди.  

Тадбир доирасида фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида суд, адлия, прокуратура, солиқ, божхона ва бошқа ўнлаб давлат органлари томонидан “Конституция бурчаклари” ташкил этилди.  

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўз соҳа йўналишлари бўйича Конституция нормалари ва аҳолига қизиқарли бошқа қонунчилик ҳужжатлари бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.  

Тадбир доирасида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ органлари ва нотариуслар томонидан сайёр хизматлар кўрсатилди.  

Шунингдек, болалар ва ёшларга Конституцияда белгиланган нормаларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи кўргазмали материаллар бурчаги, Конституциянинг яратилиши, такомиллаштириш босқичларини ифода этадиган “Конституция тарихи” бурчаги ва фотокўргазмаси ташкил қилинди.  

Таниқли санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт, талаба-ёшлар томонидан Конституция нормаларини акс эттирувчи саҳна кўринишлари ва мусиқий чиқишлари, флешмоблар, ҳарбийларнинг жанг санъатини акс эттирган чиқишлари тадбирнинг янада мароқли ўтишини таъминлади.  

Шунингдек, Конституцияга эҳтиромни намойиш қилувчи “Адлиядан – адлиягача” шиори остида бўлиб ўтган адлия ҳуқуқий марши тадбирга алоҳида руҳ бахш этди.  

Фуқароларнинг конституциявий билимларини оширишга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш ва уларни синовдан ўтказиш мақсадида совринли викториналар ўтказилди.  

Байрам тадбирида “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони ва “Умуммиллий Конституция имтиҳони” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.  

Мазкур тадбирлар Асосий қонунимизда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида фуқароларни жипслаштириш, “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғояни ўзида мужассам этгани билан ҳам янада аҳамиятли бўлди.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА