Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Конституция кўчаси” ташкил этилди
16:11 / 2025-12-09

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33-йиллиги муносабати билан Гулистон шаҳрида “Конституция кўчаси” очилди. Бу очилиш аҳоли ва ёшлар орасида ҳуқуқий билимларни кенг тарғиб қилиш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий онгни юксалтиришга қаратилди.

Мазкур кўчада адлия бошқармаси, прокуратура, ички ишлар, божхона ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан “Ҳуқуқий маслаҳат бурчаклари” фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда аҳоли ва ёшлар Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлар, шунингдек, кундалик ҳаётда учрайдиган ҳуқуқий масалалар юзасидан бепул маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўладилар.

“Конституция кўчаси” доирасида конституциявий тараққиёт босқичларини ёритувчи тарихий ҳужжатлар, илғор тажрибалар ва статистик маълумотлар намойиш этилди. Шунингдек, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни акс эттирувчи турли кўргазмалар аҳоли эътиборига тақдим қилинди.

Сирдарё юридик техникуми ўқувчилари томонидан Конституция бўйича викториналар,  челленжлар ташкил этилди. Ушбу интерактив машғулотлар ёшлар орасида ҳуқуқий билимларни ошириш ва уларни қонунчиликка қизиқтиришда муҳим аҳамият касб қилади.

– Конституция байрами арафасида Гулистон шаҳрида “Конституция кўчаси” ташкил этилгани мен учун кутилмаган янгилик бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Маъмур бобо Йўлдошов. – Бир неча ҳуқуқий масала бўйича саволларим бор эди. Қувонарлиси, ушбу саволларимга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга бормасдан, шу ерда мутахассислардан жавоб олдим. Бу каби тадбирлар нафақат бир кунда, балки йил давомида мунтазам йўлга қўйилса, аҳолимиз учун анчайин фойдали бўларди.

Тадбир иштирокчилари “Конституция кўчаси”нинг замонавий ва интерактив шаклда ташкил этилганини, бу орқали аҳоли ва ёшлар учун ҳуқуқий онгни юксалтириш ва Конституция талабларини кенг тарғиб қилиш имконияти яратилганини эътироф қилишди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири