Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция – келажагимиз асоси
19:20 / 2025-12-04

ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан “Бош қомусимизда бизнес учун яратилган кафолатлар” мавзусида тадбиркор ва ёшлар ўртасида учрашув ташкил этилди.

Унда университет ректори Бахтиёр Мардонов, “Zarafshon Golden Group” компанияси таъсисчиси Улуғбек Файзиев иштирок этиб, талабаларга юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратиб берилаётган шароитлар, имтиёзлар, муваффақиятга эришиш сирлари ҳақида сўзлаб берди.

Учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан тадбиркорга мурожаат қилди ва керакли жавоб олди.

[gallery-26564]

– Қайсидир маънода муваффақиятга эришдим, деб ҳисоблаган инсонларнинг ўз қарашлари, муваффақиятга олиб борган йўллари бўлади, – дейди 2-курс талабаси Райҳона Ғайбуллаева. – Шуниси аниқки, белгилаб олинган мақсад, бунга эришишда ҳар қандай қийинчиликларни сабр-бардош билан енгиб ўтиш, хатолардан қўрқмасдан, улардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда олға интилиш, изланиш, тинимсиз меҳнат, ўқиб-ўрганиш, ҳар бир ишга масъулият ва қатъият билан ёндашув, ўйлайманки, инсонни муваффақият сари етаклайди. Ҳозирда биз мустақил ҳаёт остонасида келажагимизни белгиловчи муҳим қарорларни қабул қилиш арафасидамиз. Бу каби учрашув, муваффақиятга эришган инсонлар билан ўтказилган очиқ мулоқотлар эса ўз йўлимизни танлашимизда бир қарорга келишга ёрдам беради.

Тадбирда тадбиркорликни янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ҳақида алоҳида сўз юритилди. Бунда албатта, бош қомусимиз асосий ҳужжат эканлиги таъкидланди.

Конституцияда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлиги кафолатланган. Жумладан, 67-моддада “Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли”, дея алоҳида қайд этилган.

Тадбир давомида партия ташкилоти ва университет ҳамкорлигида ёшлар ўртасида ўтказилган “Конституция – келажагимиз асоси” мавзусидаги видеороликлар танлови ғолиблари муносиб тақдирланди.  

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбири