French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция ­ камбағал оилаларни фаровонлик сари етакламоқда
17:10 / 2025-12-05

Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўради.

43-модда

Журналистиканинг яхши тарафи бор. Ҳамиша турли одамлар орасида бўлади. Йўл-йўлакай танимаган инсонлари билан танишиб, шифокор ва ҳуқуқшунос, устоз ва талаба, тадбиркор, деҳқон, хуллас, барча соҳа вакиллари билан суҳбатлашади. Касбини, ҳаётини, фикрини ўрганади. Мушоҳада юритади, мулоҳаза қилади.

Энг муҳими бошқа тармоқлар қатори бу касб эгаларининг ҳам ҳуқуқлари Конституциямизда алоҳида модда билан белгиланган, эркинликлари мустаҳкамланган. Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлаган. 

Асосий қонунимиз ана шундай ишончли ҳуқуқий кафолат билан мамлакатимизнинг барча фуқаролари ва соҳалари вакилларини хуллас жамиятимизни ҳимоя қилади. Одамлар ҳаёти ва турмуш даражасида юз бераётган бугунги ўзгаришлар ҳам янгиланган Конституциямизда ўз аксини топган ҳуқуқ ва эркинликларнинг амалдаги самарасидир. 

Баҳонаи сабаб бўлиб, Бандихон туманида яшайдиган Холдор Суюнов, деган деҳқон билан танишиб қолган эдим. Қобил, фикри теран, гурунглари маънили, чеҳраси ҳамиша очиқ, меҳнатдан қочмайдиган, ҳаётидан рози бўлиб яшайдиган инсон. Ўқимишли одамлардек фикр юритадиган, кундалик ахборотлардан хабардор бўлиб борадиган деҳқон. Қалдирғоч маҳалласида истиқомат қилади. Айтишича, томорқасида турли озиқ-овқат экинларини парваришлайди. Помидор-бодринг ҳам етиштиради. Чорва моли бор. Хуллас, рўзғорини деҳқончилик ва чорвачилик билан тебратади. 

Деҳқон бобонинг қўл телефонини сақлаб қўйган эканман. Суҳбатини қўмсаганимданми, яқинда ҳол-аҳвол сўраб қўяй, деб беихтиёр қўнғироқ қилдим. Гурунглашдик. Гап мавзуи деҳқончиликка тақалганида бу йил ёз анча иссиқ келиб, сувнинг андак тақчил бўлганию, ҳосилдорликнинг бироз камайганини айтиб қолди. Лекин, нолимади. Берганига, борига шукр қилди. 

– Деҳқонча қилиб тушунтирсам, кейинги йилларда ёғингарчилик кам бўлаётганини кўриб турибсиз, – дейди Холдор Суюнов. – Сувнинг камайиши об-ҳавонинг ўзгариши сабабли юз бермоқда. – Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқларимизни рўёбга чиқариш учун давлат сув тақчиллигининг олдини олиш чораларини ҳам кўряпти. Қаранг, айрим ҳудудларда оқова сув учун артезиан қудуқлар қазиб берилмоқда. Сувни тежаш мақсадида канал ва ариқлар бетонлаштирилмоқда. Эшитишимча, маҳалламиз ариғи ҳам шу дастурга киритилибди. Энди сув исроф бўлмайди. Томорқаларни суғоришда тақчиллик камайса, ҳосилимиз мўл, бозорларимиз янада тўкин бўлади. Даромадимиз янада кўпроқ, фарзанду невараларнинг ризқи янада бутунроқ бўлади.

Гап авзоидан билдимки, биродаримиз бу йил деҳқончиликдан зўр даромад топмаган бўлса-да, қишлоқларда юзага келган сув муаммосини юмшатиш учун давлатимиз кўраётган чора-тадбирлардан, қишлоқ одамларининг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилаётган эътибордан рози бўлиб яшамоқда. Бундан-да обод, янада тўкин ҳаётга ишонч ҳисси билан турмуш кечирмоқда.

Тунов кун шу суҳбат эсимга тушиб, борига шукр, йўғига қаноат билан яшаётган деҳқон бобонинг фикрларини хаёлимдан қайта ўтказдим. Юртимиз қишлоқларида аҳоли турмуш даражасини ошириш, шу жумладан, сув танқислигининг олдини олиш йўлида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини кўз олдимга келтирдим. 

Хабарингиз бор: Президентимизнинг ўтган йил 23 сентябрда “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, мамлакатимизда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури қабул қилинган эди. Бу дастур айнан асосий қонунимизда давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши белгилаб қўйилган 43-моддани ҳаётга жорий этмоқда.

Дастурнинг ижросини таъминлаш учун вилоятда йил бошида энг оғир аҳволдаги 77 та маҳалла танлаб олиниб, инфратузилмасини ўзгартириш белгилаб олинди. Электр энергияси таъминоти, ички йўллари, ҳатто интернет сифати ҳам тубдан яхшиланди. Томорқа ерларини суғориш учун шароит яратишнинг зарур чоралари кўрилди. Бу ишлар учун кам эмас 256 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Унинг 104 миллиард 584 миллион сўми томорқаларнинг суғориш тизимини яхшилашга йўналтирилиб, 23 та насос ўрнатилди. 88 та суғориш қудуғи қазилди. 50,4 километр қувурли тармоқ тортилиб, 24,4 километр лоток ўрнатилди. 122 километрдан ортиқ масофадаги ариққа бетон ётқизилди. Бу эзгу ташаббус воҳадаги 77 та оғир аҳволда бўлган маҳаллада яшайдиган 81 минг 140 дан зиёд оиланинг обод гўша ва файзли хонадонда муносиб турмуш кечиришига қулай муҳит яратди. Уларнинг 10 минг 874 таси ижтимоий ҳимоя ягона реестрида қайд этилган камбағал оилалардир. 

Эсласангиз, қишлоқлардаги сув етишмовчилиги аслида шу йил кузатилган ҳодиса эмас. Бу ўтган йил ҳам, ундан беш-ўн йил аввал ҳам юз берган муаммо. Кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораётган масала. Илғаяпсизми биродар, Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворини яратган бахтимиз қомуси барча ҳуқуқларимизни кафолатлаб, халқимизни порлоқ истиқбол сари етакламоқда. Конституция­ эркинлик, инсон қадри, тенглик ва адолат гарови эканини кенг намоён этмоқда. Бунга шу йилнинг ўзида Сурхондарё вилоятидаги 77 маҳалла оғир тоифадаги ҳудуд номини ўзгартириб, фаровон турмуш сари одимлай бошлагани ҳам яққол далилдир.

Термиз шаҳридаги Кокилдор ота, Намуна ва Алишер Навоий маҳаллалари турли озиқ-овқат экинлари етиштиришда яхши тажрибага эга. Мўъжазгина томорқаларида иссиқхона барпо этган деҳқонлар ҳам бор. Бундан бир неча йил муқаддам Термиз туманидан шаҳар таркибига ўтказилган учта маҳалла ҳам шу йил бошида вилоят марказидаги энг оғир ҳудуд сифатида танланиб, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига киритилди. Электр энергияси таъминоти, ички йўлларни таъмирлаш билан бирга томорқаларни сув билан таъминлашга эътибор қаратилди. Алишер Навоий маҳалласида қарийб тўрт, Кокилдор отада 3,6, Намуна маҳалласида 4 километр масофадаги ариқ бетонланиб, томорқаларни суғориш тизими яхшиланди. Бунинг учун учта маҳалла ариқларига 3 миллиард 450 миллион сўм харажат қилиниб, 400 га яқин хонадоннинг томорқасида сув муаммосига чек қўйди. Вақтинча ишсиз камбағал оилалар аъзолари ишли бўлди. Томорқасидан даромад топа бошлади. 

Яна бир мисол: Олтинсой туманида Чинор, деган маҳалла бор. Баланд тоғларга туташ жойлашган. Ҳудуддаги кичкина қишлоқ эмас. 735 оиладан иборат маҳалла. Оилаларнинг 115 таси ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган. Аҳолиси томорқалар учун оқова сувни Вахшивор дарасидан олиб, боғдорчилик ва узумчилик билан шуғулланади. Шу маҳалла аҳли ҳам кўп йиллардан буён сув тақчиллигидан азият чекиб келаётган эди. Бу сархил мева ва узум ҳосилдорлигини пасайтирди. Ўтаётган йилда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури шарофати билан маҳаллада сув тақчиллиги андак юмшади. Бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига уч километр масофага қувур тортилиб, дара суви келтирилди. 270 миллион сўм сарфланиб, қарийб бир километр ариққа бетон ётқизилди. 

– Томорқаларни суғориш жиддий масалага айланиб қолган эди. Кўп йиллик муаммомизни анча юмшатгани учун давлатимизга раҳмат, – дейди чинорлик деҳқон Музаффар Саидов. – Буни қишлоқ одамларининг ҳам ҳуқуқ ва манфаатлари таъминлаётганига қаратилаётган эътиборнинг яна бир натижаси, деб билдик. Вахшивор дарасининг сувидан тоғ тагидаги ўнга яқин қишлоқ навбат билан фойдаланади. Энди маҳалламиз навбати келганида сув қувур орқали оқиб келмоқда. Тоғ этагидаги тош ва қумларга сингиб исроф бўлмаётир. Бу қулайликдан барча бирдек мамнун бўлмоқда.

Жорий йил Бандихон туманидаги Обод юрт, Зевар, Полвонтош, Лимонзор маҳаллаларининг инфратузилмаси ҳам “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида янгиланди. Одамларнинг турмуш даражаси оширилди. Тўртта маҳаллада 16 километрдан ортиқ ариқ бетонланиб, қарийб бир километр масофадаги ариққа лоток ётқизилди. 2 минг 564 та, шундан 313 таси камбағал оила томорқасининг оқова сув тизими яхшиланди. Демак, келаётган йил шу туманда яшайдиган тажрибали деҳқон Холдор Суюновнинг орзулари ҳам рўёбга чиқади. Ариқлар бетонланиб, оби-ҳаёт тақчиллиги юмшайди, сув исрофгарчилиги чекинади. Буларнинг барчаси бош қомусимизда белгиланган ҳуқуқий нормалар асосида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати улуғланаётганининг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири