Юртимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан “Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови” деган бош ғояни ўзида мужассам этган кенг кўламли тадбирлар ўтказилмоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳам Бош қомусимиз қабул қилинган санага бағишланди.

Тадбирда Конституциямизда белгиланган ғоялар – қонун устуворлиги, адолат, инсон ҳуқуқлари дахлсизлиги, тенглик ва демократик қадриятларнинг аҳамияти ҳақида сўз борди. Ушбу тамойиллар “Инсон қадри – энг олий қадрият” тамойили асосидаги ислоҳотларни янада мустаҳкамлашга қаратилгани ва таълим-тарбия, иқтисодиёт, ижтимоий ҳимоя ва бошқарув тизимларида самарали ўзгаришларга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар Асосий қонунимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкамлаб қўйилгани, уларга кенг шароитлар яратишни давлат ўз зиммасига олганини эътироф этдилар. Бу йўналишдаги конституциявий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон ёшлари ҳар жабҳада ютуқ ва марраларни қўлга киритаётгани қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА