8 декабрь – Конституция куни
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши асосида мамлакатимизда Бош қомусимиз қабул қилинган сана “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғоя асосида нишонланмоқда.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов Конституция ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Ҳар бир мустақил давлат ҳаётида Конституция энг олий ҳуқуқий ҳужжат сифатида алоҳида ўрин тутади. У мамлакат тараққиётининг ҳуқуқий асосини белгилабгина қолмай, халқнинг орзу-интилишлари, қадриятлари ва келажакка бўлган ишончини ўзида мужассам этади.
Конституция – фақат ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки халқни бирлаштирадиган, фуқароларда Ватан тақдири учун масъулият туйғусини уйғотадиган маънавий қадрият ҳамдир. У ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда, қонунга ҳурмат руҳини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Айниқса, ёш авлод учун Конституция демократия, адолат ва ватанпарварлик мактабидир.
Конституция қабул қилинганига 33 йил тўлиши халқимиз ҳаётида буюк тарихий ва маънавий аҳамият касб этади. 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақил давлат барпо этиш йўлида қўйилган қатъий қадамлардан бири бўлиб, миллий ҳуқуқий тизимнинг мустаҳкам пойдевори бўлди. У демократик тамойилларга асосланган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор деб эътироф этилган, қонун устуворлиги таъминланган давлат барпо этишга хизмат қилди.
Ўтган 33 йил давомида Конституция мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ишончли ҳуқуқий асоси бўлиб келмоқда. Давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, суд-ҳуқуқ соҳасида адолатни таъминлаш каби муҳим соҳалардаги ислоҳотлар айнан Конституция меъёрлари асосида амалга оширилмоқда.
Айниқса, 2023 йил 30 апрелда референдум орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири халқнинг давлат ва жамият ҳаётини ислоҳ этишга бўлган қатъий ишончини, фаол фуқаролик позициясини яққол намоён этди. Бу референдум фақат ҳуқуқий ҳужжатни янгилаш эмас, балки “Инсон қадри учун” деган ғояни давлат сиёсати даражасига кўтарган, халқ ва давлат ўртасидаги очиқ мулоқот самараси бўлди.
Янги таҳрирдаги Конституция ўз мазмун-моҳиятига кўра тарихий аҳамиятга эга. Унда Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида мустаҳкамланиб, давлатнинг инсонга, унинг фаровон ҳаётини таъминлашга бўлган масъулияти аниқ белгилаб қўйилди. Кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлатнинг муҳим вазифаси сифатида конституциявий нормага айлантирилди.
Асосий қомуснинг янги таҳририда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш нормалари янада кенгайтирилди. Инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, шахсий дахлсизликни таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгилаб берилди. Суд-ҳуқуқ соҳасида адолат, айбсизлик презумпцияси ва одил судлов тамойилларининг кучайтирилиши эса қонунийлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Янгиланган Конституция давлат бошқарувини такомиллаштириш, ҳокимият тармоқлари ўртасида мувозанат ва ўзаро тийиб туриш механизмларини янада мустаҳкамлаш, жамоатчилик назорати ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Қолаверса, жамиятда очиқлик, ҳисобдорлик ва ташаббускорликни ривожлантириш учун муносиб шароит яратмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини белгилаб берди. Унда иқтисодий ислоҳотларни, тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини қўллаб-қувватлайдиган, барқарор ривожланишни таъминлаш учун ҳуқуқий кафолат берадиган нормалар салмоғи оширилди. Шу билан бирга, экологияни муҳофаза қилиш, соғлом атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқи конституциявий кафолат сифатида мустаҳкамланиши келажак авлодлар тақдирига бўлган масъулиятнинг ёрқин ифодасидир.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция халқимиз иродаси, тафаккури ва келажакка бўлган ишончининг ҳуқуқий ифодасидир. У Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида давлат ва жамият равнақини таъминлайдиган, инсон қадрини олий мезон сифатида белгилаб берган тарихий ҳужжатдир.
Конституция асрлар давомида халқимизга хизмат қиладиган, адолат ва тараққиёт йўлида ишончли дастуриламал бўлиб қолади. Унга содиқ қолган ҳолда яшаш ва унда белгилаб қўйилган тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Н.Абдураимова, ЎзА