Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция – инсон қадри, эркинлик ва адолат гарови
21:26 / 2025-12-08

Бугун Янги Ўзбекистон ислоҳотларини янги таҳрирдаги Конституциясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон ва унинг қадри бош тамойил сифатида қараб келинаётган жамиятимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлар ва бурчлари биринчи даражали масаладир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериши йўли билан қабул қилинди. Конституциянинг янгиланиши натижасида, ундаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Бу дегани конституция 65 фоизга янгиланган.

Бош қомусни варақлар экансиз, унинг биринчи моддасида илк бора Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида эътироф этилганлигига гувоҳ бўласиз. Бу эгиз тушунчалар замирида жуда катта маъно мужассам.

Янги таҳрирдаги Конституция “Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” ҳамда “Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади”, деган тамойилларга асосланган ҳолда ишлаб чиқилгани билан аҳамиятли.

Янги таҳрирдаги Конституцияда назарда тутилган Олий Мажлис фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган нормалар “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда акс эттирилди.

Эътиборлиси шундаки, Конституциямизнинг чин маънодаги муаллифи халқимиз. Демак унинг мазмун-моҳиятини етказишда ҳам, аввало, одамлар орасида ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб боришни тақозо этади ва бу биз давлат хизматчиларига муҳим вазифаларни юклайди. Бу борада Адлия вазирлиги ва ҳудудий бошқармалар томонидан ўз ваколати доирасида фуқароларнинг Конституцион ҳуқуқларини билишлари учун аниқ чоралар кўрилмоқда. 

Жумладан, аҳолининг барча қатлами учун тушунарли бўлган “Моддалар гапиради” номли туркум видеороликлар тайёрланиб, мунтазам равишда телевидение орқали бериб борилмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказишга қаратилган иншолар танлови, оталиққа олинган мактабларнинг махсус ҳуқуқ синфларида эса, очиқ дарслар ташкил этилмоқда. Қолаверса, “Биз Конституцияни ўрганамиз” ҳафталиги доирасида давлат органларида, меҳнат жамоаларида конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятларни тушунтиришга қаратилган давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилмоқда.

Янги Ўзбекистон Конституцияси том маънода инсон ҳуқуқларининг энг ишончли ҳимоячисидир. Қолаверса, ислоҳотларнинг асосидир. Мана шундай кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш йўлида ҳар бир инсон ўз масъулиятини янада оширмоғи ва барчамиз ҳалол меҳнатимиз билан тараққиётимиз йўлида хизмат қилмоғимиз лозим.

Улуғбек Исматиллаев,

Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, юрист.

ЎзА.