Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция – инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолати
20:05 / 2020-12-03

Ички ишлар вазирлиги академиясида Бош қомусимиз қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан “Конституция ‒ инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолати” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Конституциявий суд, Марказий сайлов комиссияси, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Конституциямизнинг жамият ҳаёти ва мамлакатимиз тараққиётидаги муҳим ўрни ҳақида сўз борди.

– Ҳар бир мамлакат эркин ва фаровон жамият қуришга интилар экан, бу йўлдаги улуғвор мақсад ҳамда вазифаларини, аввало, ўз Конституциясида мустаҳкамлайди, – деди ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов. 

– Шу маънода, Асосий қонунимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарган муҳим ҳужжат сифатида давлатимизнинг миллий тараққиёт йўлини белгилаб берди. Сўнгги йилларда Конституция асосида миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти шаклланди. Жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида конституциявий тамойил ва қоидалар асосида олиб борилаётган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Муҳими, бу жараёнда фуқароларимизнинг сиёсий-ижтимоий фаоллиги, маънавий-ҳуқуқий дунёқараши, юртга дахлдорлик ҳисси ҳам кучайиб бораяпти.

Илмий-амалий анжуманда сўзга чиққанлар Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти, давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш ва ислоҳ этишга қаратилган ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалаларига атрофлича тўхталишди. Таъкидлаб ўтилганидек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган конституциявий нормалар ҳаётимизга фаол татбиқ этилмоқда. 

Юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар вакиллари Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, жамият ҳаётининг барча соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Бу ҳам Бош қомусимизда назарда тутилган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият хисобланади, деган улуғвор тамойилнинг амалий ифодасидир.

– Ички ишлар тизимидаги туб ислоҳотлар замирида соҳани халқпарвар тузилмага айлантириш, халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, ташвиш ва муаммоларига кўмаклашиш каби устувор вазифалар турибди. Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш касбий билим ва кўникмаларни мукаммал эгаллаш баробарида, Конституция ва қонунларни келгуси хизмат фаолиятимизда самарали қўллашни ҳам тақозо этади, – дейди ИИВ Академиясининг 3-босқич курсанти Севара Бахтиярова.

Долзарб мулоҳазаларга бой ўтган анжуман давомида “Конституцияга киритилган ўзгартиришларнинг жамият ҳаёти учун аҳамияти”, “Конституция ва демократик сайловлар”, “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид конституциявий қоидаларнинг амал қилиши масалалари”, “Конституция ва қонун устуворлиги – мамлакатимиз тараққиётининг гарови” мавзуларида маърузалар тингланди.

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.