Айни вақтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам Қомусимиз қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасида уюштирилган тадбирда бюронинг вилоят, шаҳар ва туман идоралари масъул ходимлари иштирок этди. Тадбирни очган бошқарма бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедов йиғилганларни Конституция куни билан қутлади.

Таъкидланганидек, Қомусимиз инсон ва унинг қадрини улуғлашга қаратилган тарихий ислоҳотларнинг энг устувор ва мукаммал ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, умумхалқ референдуми асосида янги таҳрирда қабул қилингани Янги Ўзбекистон ва унда истиқомат қилаётган халқимизнинг бугуни ва эртанги тақдирини белгиловчи муҳим асос эканлиги қайд этилди.


Тадбирда қатнашган Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Наманган академик лицейи ҳуқуқшунослик кафедраси ўқитувчиси Гулчеҳра Рустамова Қомусимизнинг қабул қилиниши тарихи, сўнгги йилларда унга киритилган янги норма ва моддаларнинг мазмун-моҳияти, давлат ва жамият ривожидаги ўрни ҳақида атрофлича тўхталди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.