French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция – фаровон ҳаётимиз кафолати
15:15 / 2020-12-05

Республика Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилояти бўлими, вилоят Миллий гвардия бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Навоий академик лицейи ҳамкорлигида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Конституция – юксак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимиз кафолати!” мавзусида байрам тадбири ташкил этилди.

Академик лицей биносида бўлиб ўтган тадбирда бош Қомусимиз ҳақида сўз юритилиб, у ҳақиқатан ҳам демократик Конституция эканлиги қайд этилиб, умуминсоний, умумбашарий қадриятлар ва халқаро андозаларни ўзида мужассам этганлиги билан аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, Конституциямиз энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган. Бунда энг илғор хорижий конституциявий тажрибаларни ўрганилиб, Конституция лойиҳаси нуфузли халқаро ташкилотлар ва демократик давлатлар мутахассисларининг синчков экспертизасидан ўтказилди.

Тадбирда турли адабиётлардан иборат китоблар ярмаркаси, қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳамда 5 та муҳим ташаббус доирасида ижодкор ёшлар иштирокида расмлар танлови бўлиб ўтди.

Фаол иштирок этган ўқувчилар вилоят Маънавият ва маърифат бўлимининг “Ташаккурнома”си ва китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

Шунингдек, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг Қонституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллигига бағишлаб “Конституция – қонунлар ҳокимияти” шиори остида маърифий-ҳуқуқий тадбир ташкил этилди.

14-умумтаълим мактабида Навоий шаҳар Адлия бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда “Жанубий” МФЙ фаоллари, Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам маркази ходимлари, Навоий давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари, талаба ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев сўзга чиқиб, давлатимизнинг асосий қонуни –Конституциямизнинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.

– Бош қомусимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш, таълим, фан, маданият ҳамда маънавият ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир, – дейди Фахриддин Солиев. – Бугунги тадбирда мазкур ҳужжатда мамлакатимизда истиқомат қилаётган миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлангани, ёшларнинг онги ва қалбида Конституциямизга ҳурмат, Ватан тақдирига дахлдорлик, масъулият ҳиссини янада кучайтириш масалалари хусусида эркин суҳбат қилинди. Ана шу ғояларни ёшларимизга сингдириш баробарида уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи лозим.

Тадбир давомида Конституциямизнинг яратилиш тарихи, унинг демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш ва инсон манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, бош Қомусимизнинг халқчиллиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Тадбирда ўқувчи-ёшлар томонидан ижро этилган Ватанни, мустақилликни мадҳ этувчи шеърлар, саҳнавий чиқишлар барчага манзур бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан намунали ҳулқи, ўқишдаги аъло баҳолари учун мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда Навоий шаҳар “Жанубий” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида ҳуқуқий-маърифий ғояларни тарғиб қилишда фаоллиги учун бир гуруҳ маҳалла фаоллари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими томонидан “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

Абдували БЎРИЕВ, ЎзА