8 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг биринчи бўлими “Асосий принциплар” деб номланиб, “Давлат суверенитети”, “Халқ ҳокимиятчилиги”, “Конституция ва қонуннинг устунлиги”, “Ташқи сиёсат” бобларга бўлинган.
Конституциянинг дастлабки 1-моддасида Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди. Ҳуқуқий давлат – ҳуқуқ устуворлиги таъминланган, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир.
Ижтимоий давлат – ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражаси, хусусан сифатли таълим, кафолатли тиббий хизмат, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, уй-жойли бўлиш шароити мавжуд бўлган, ҳеч бир фуқаро ўз муаммолари билан ёлғиз қолмайдиган адолатли давлатдир.
Дунёвий давлат – диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ҳамда давлат ҳокимияти диндан ажратилган, давлат бошқаруви диний қоидалар билан эмас, балки Конституция ва қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган давлат ҳисобланади. Конституцияда Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланди.
Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиландики, бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.
Конституцияда Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилмаслиги ёки бошқа давлатларга берилмаслиги белгиланди. Бу норма фуқароларимизнинг доимий равишда давлат ҳимоясида эканлигига ишончини мустаҳкамлашга, ўз юртидан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларнинг сақлаб қолиниши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши таъкидланди. Ушбу норма чет элларда яшаётган, ишлаётган, таълим олаётган ватандошларимизни Ватани билан доимий алоқада бўлишига, тили, маданиятини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришига, она юрти – Ўзбекистоннинг обрўсини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишига хизмат қилади.
Қомусимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилди. Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси таъқиқланди. Бундан ташқари, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги белгиланди. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир.
Бу орқали халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтини қўлланиш кўлами янада кенгаяди. Илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари тушунтирилиши кераклиги айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилди. Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон хабарлари ҳамда бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.
Конституциямизда биринчи маротаба ҳар кимнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча мавжуд ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, мурожаат этишга ҳақлилиги мустаҳкамланди. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.
Яна бир муҳим норма – агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланди. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.
Бош Қомусимизда ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланди. Ҳар бир шахснинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқи ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқи белгиланди. Эндиликда мазкур конституциявий қоида киритилиши билан эркин ҳаракатланиш қадрият даражасида олий ҳуқуқий норма сифатида мустаҳкамландики, бу “прописка” тизими муаммосига ҳам барҳам беради.
Хайрулло Собиров,
Наманган вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи.
ЎзА.