Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармасида видеоконференсия тарзида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов маъруза қилди, шунингдек, вилоят ИИБ ҳамда туман-шаҳар ички ишлар органлари ходимлари студиялар орқали иштирок этишди.
Тадбир давомида мамлакатимиз мустақиллигини таъминлаб берган, жамиятда қонун устуворлиги, тинчлик-осойишталик ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга хизмат қилаётган асосий қомус — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов ўз маърузасида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг эълон қилиниши, Мустақиллик декларацияси ҳамда “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши мамлакат давлатчилик асосларини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этганини қайд этди.
Тадбир давомида 2023 йилда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Ушбу референдум асосида қабул қилиниб, янгиланган Конституция Янги Ўзбекистон тараққиётида давлат ва жамият муносабатларини янги босқичга олиб чиққан ҳуқуқий ҳужжат экани эътироф қилинди.
– Конституция — бу фақат қонунлар мажмуаси эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминловчи асосий ҳуқуқий ҳужжатдир, – деди Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, подполковник Достон Шамсиддинов. – Ички ишлар органлари ходимлари учун Конституция талабларига қатъий таяниш хизмат фаолиятининг асосий мезони ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири