Жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди.
Шу муносабат билан мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ сиёсий жараёнлар қизғин давом эттирилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири – Энергетика вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар учун ҳам ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Гулнора Марупова ва Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев Конституциявий ислоҳотлар ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.
Тадбирда Гулнора Марупова қайд этганидек, ҳар бир давлат ўзининг истиқлол ва тараққиёт йўлини белгилар экан, аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга йўналтирилган муҳим мақсадлари ҳамда вазифаларини Конституциясида қатъий мустаҳкамлаб олади. Шу жиҳатдан, бугунги кунда муҳим сиёсий жараён, яъни “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинганида катта маъно бор. Бундай жараёнда ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки эса янада муҳим ҳисобланади.

– Ушбу қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш ва 6 та янги модда билан 16 та янги нормани киритиш кўзда тутилмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, давлатнинг сиёсий етуклиги ва мамлакат ижтимоий барқарорлигини ўзаро бирлаштирадиган мезонлар мавжуд. Уларда энг асосийси жамиятда қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш бўлса, улардан яна бири ҳокимият ва халқ ўртасидаги шаффоф ҳамда узлуксиз мулоқотни ташкил этишдир. Булар демократик ва кучли фуқаролик жамиятини яратишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бу устувор вазифалар ижросининг олий ҳуқуқий асоси – Конституциядир. Демак, ҳар бир жараёнда, хусусан, Конституциявий тузатишларда ҳам халқ манфаати устундир, – деди Г.Марупова.
Қизғин муҳокама ва мунозараларга бой бўлган учрашувда иштирокчилар нафақат ўзининг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, балки уларни бевосита таклифлар ва муносабатлар билдиришига ҳам катта имконият яратилди.
– Қонун лойиҳасида миллий қадриятларимиз ва миллий қонунчилигимиз тарихи билан бир қаторда, ривожланган давлатлар Конституцияси ҳам ўрганилганлиги ҳақида маълумотлар олдик, – деди Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати бош мутахассиси Обиджон Дилмуродов. – Албатта, Конституциявий тузатишлар фуқароларнинг муайян шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини кафолатли тарзда ҳимоя қилишга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА