Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан Адлия вазирлиги ташаббуси асосида барча Давлат хизматлари марказларида янги таҳрирдаги Конституция мазмун-моҳияти, унга киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилишга қаратилган “Конституция бурчаги” ташкил этилди.
Хусусан, Самарқанд вилоятидаги барча Давлат хизматлари марказларида ушбу бурчаклар тўлиқ йўлга қўйилиб, тарғибот жараёнлари старт олди. Тизим ходимлари томонидан 8 декабрга қадар бу ерда мавзу доирасида тарғибот ишлари, тушунтиришлар олиб борилади. Адлия органларига ташриф буюрган фуқаролар бурчакдан ўрин олган қисқа ахборот флаерлари, ҳуқуқий адабиётлар, янги таҳрирдаги Конституция билан танишиши, бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олиши мумкин.

Фуқароларнинг энг муҳим орзу-интилишлари ва мақсадлари асосий қонун – Конституцияда тўлиқ ифода этилади. Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституция халқимиз хоҳиш-иродасини ифода этган халқчил ҳужжатдир. Унда белгиланган ҳар бир модда инсон шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши кафолатидир. Шунинг учун конституцион саводхонлик муҳим аҳамиятга эга.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири