Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция байрамига бағишланди
12:22 / 2025-12-03

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ва Бош қомусимизнинг 33 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тантанали тадбир Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари билан бошланди.  

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раиси Алишер Атажанов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Элмурод Турсунов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг биринчи ўринбосари Ерполат Қайипбергенов ва бошқа сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, асосий қонунимиз ўзининг чуқур ўйланган тамойиллари ва қоидалари билан ажралиб, мамлакатимиз тақдирини, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжат ҳисобланади.

1992 йил 8 декабрь куни мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси қабул қилинди. Конституцияни ишлаб чиқишда қонунчиликдаги илғор хорижий тажрибалар билан биргаликда халқимизнинг  асрлик менталитети, яшаш шароити, аждодлардан мерос бўлиб келаётган урф-одатлари ҳам инобатга олинди.

[gallery-26522]

Конституцияда асосий эътибор инсон ва унинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари, яъни Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси учун шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларнинг кафолатлари таъминланди. Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш орқали фуқаролик жамиятини барпо этиш, бунинг учун халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, халқимизнинг бугунги ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун уларга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш борасида сўнгги йиллардаги олиб борилаётган ишлар алоҳида қайд этилди.

Асосий қонунимизда келажак авлодларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаси бўлиши, илғор фикрли, теран фикрлайдиган, етук инсон бўлиб вояга етиши учун зарур бўлган тамойил ва қоидалар белгилаб берилган. Сўнгги йилларда олий таълим тизимига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ушбу мақсадларга эришиш учун хизмат қилади.

Қорақалпоғистонда олий таълим муассасалари сони икки баробар ортиб, уларнинг моддий-техник базаси такомиллаштирилгани, қабул квоталари сони кўпайтирилгани, айниқса, сўнгги уч йилда Қорақалпоғистон ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 31 мингдан ортиқ қўшимча мақсадли грант ва тўлов-контракт ўрни берилгани, умумий қиймати 145 миллиард сўмлик 2 минг 150 ўринлик талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилгани Конституцияда белгиланган нормаларнинг амалдаги кўринишлари ҳисобланади. Ана шундай имкониятлар натижасида юртимиз ёшлари илм-фан, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритиб келмоқда.

Тадбир давомида институтнинг миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси мудири Эркин Тилеуов, магистрант Шуҳрат Атамуратов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниш тарихи, киритилган ўзгартиришлар, жумладан, 2023 йил 30 апрелдаги умумхалқ референдуми асосида Бош Қомусимизнинг янги таҳрирда қабул қилинганлиги, ундаги белгиланган нормаларнинг бугунги ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида маърузалар қилишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари