Янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”, дея қайд этилган.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий судида ана шу моддаларни ўзида акс эттирган Конституциямиз байрами нишонланди. Маросим “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” шиори остида бўлиб ўтди.
Олий суд раиси Бахтиёр Исломов тадбирда айтишича, Бош қомусимиз бугунги кунда ҳақиқий халқ Конституциясига айланиб, Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва қатъияти билан амалга оширилаётган янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Судлар эса айни вақтда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишда тўғридан-тўғри янги таҳрирдаги Конституция нормаларига мурожаат қилмоқда.
Бу борада Олий суд пленуми томонидан 2023 йил 23 июнда “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган.
[gallery-14924]
Шунингдек, сўз олганлар демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ этиш ва инсон ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланганини қайд этишди.
Тадбирда бир гуруҳ судья ва суд ходимлари фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Н.Абдураимова, ЎзА