ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро шаҳридаги 29-умумтаълим мактабида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Конституция – бахтимиз пойдевори” мавзусидаги ҳафталик бошланди.
Ҳафталик доирасида ўқувчиларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор маърифий ва тарбиявий тадбирлар ташкил этилмоқда.
[gallery-26515]
Барча синфларда “Менинг ҳуқуқларим” мавзуида ўтказилган “Келажак соати” дарсида ўқувчилар болалар ҳуқуқлари, Конституциянинг асосий тамойиллари, фуқаролик бурчи ва масъулияти ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди. Баҳс-мунозаралар, интерфаол савол-жавоблар орқали мавзу янада қизиқарли ўзлаштирилди. Расмлар танловида эса ўқувчилар Бош қомусимиз, адолат, тенглик, тинчлик ва Ватан равнақи каби тушунчаларни ўз ижодий тасаввурлари орқали ифодалади. Энг яхши ижодий ишлар мактабнинг кўргазма майдонига жойлаштирилди. Иншолар танловида юқори синф ўқувчилари Конституциянинг ҳаётимиздаги ўрни, унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти ва ҳар бир фуқаронинг қонун олдидаги бурчи ҳақида чуқур мазмунли, фикрга бой ёзма ишини тақдим этди. Инглиз тили дарсида эса “The role and importance of the Constitution in our lives” мавзусида махсус машғулотлар ташкил этилди. Унда ўқувчилар Конституция ҳақида инглиз тилида матнлар ўқиш, фикр билдириш, кичик тақдимотлар тайёрлаш орқали нафақат тил кўникмаларини, балки ҳуқуқий билимларини ҳам мустаҳкамлади.
Ҳафталик давомида ташкил этилган барча тадбирлар ўқувчилар қалбида Ватанга садоқат, қонунларга ҳурмат, фуқаролик масъулиятини англаш каби туйғуларни шакллантиришга хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА